Сайт  харитаси

Халқаро гуманитар ҳуқуқ тарғиботи

 

I Женева Конвенцияси. Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисимларни  яхшилаш тўғрисида

II Женева Конвенцияси. Денгиз  қуролли кучлари таркибига мансуб яраторлар беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг қисматини  яхшилаш тўғрисида

III Женева Конвенцияси  Ҳарбий асирлар билан муамала қилиш тўғрисида

IV Женева Конвенцияси Уруш даврида фуқаро аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида

I Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

II Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро характерда бўлмаган  қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

 

 

 

 

II Женева Конвенцияси.

Денгиз қуролли кучлари таркибига мансуб яраторлар беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида

 

 

 

 

Женева 12 август 1949 йил

 

 

 

 

 

Тубанда имзо чекувчилар, 1906 йилдаги Женева Конвенцияси асосий тамойилларини денгиздаги урушга нисбатан қўллаш тўғрисида 1907 йилнинг 18 октябридаги X Гаага Конвенциясини қайта кўриб чиқиш мақсадида 1949 йил 21 апрелдан 12 августгача Женевада ўтказилган Дипломатия Конференцияда иштирок этган Ҳукуматлар Вакиллари қуйидаги битимни туздилар:

 

 

I  Б О Б

 

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳар қандай ҳолатда ушбу Конвенцияга амал қилиш ва амал қилишга мажбур этишни ўз зиммаларига оладилар.

 

2-модда

Тинчлик давридаёқ кучга кириши лозим бўлган қарорлардан ташқари, мазкур Конвенция икки ёки бир неча Олий Аҳдлашувчи томон ўртасида уруш эълон қилинган ёки бошқа ҳар қандай қуролли можаро юз берган шароитда, ҳатто томонлардан бири уруш ҳолатини тан олмаса ҳам, қўлланилади.

Конвенция, шунингдек, Олий Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудуди тўлиқ ёки қисман истило этилган барча ҳолларда, ҳатто бу истило ҳеч қандай қуролли қаршиликка учрамаса ҳам, қўлланилади.

Агар низолашаётган Давлатлардан бири мазкур Конвенция иштирокчиси бўлмаса ҳам, иштирокчи бўлган Давлатлар ўзаро муносабатларида у билан боғлиқликларини сақлаб қоладилар. Бундан ташқари, улар юқорида кўрсатилган Давлат мазкур Конвенция қоидаларини қабул қилаётган ва қўллаётган бўлса, бу Давлатга нисбатан Конвенция билан боғланган бўладилар.

 

3-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида юзага келган ва халқаро характерда бўлмаган қуролли можаро ҳолатида низолашаётган томонлардан ҳар бири энг камида қуйидаги қоидаларга амал қилишга мажбурдир:

1. Ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этмаётган шахслар, шу жумладан қуролли кучлар таркибидан бўлган ва қуролини ташлаган, шунингдек, касаллиги, ярадорлиги, қўлга олинганлиги ёки бошқа ҳар қандай сабабларга кўра ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тўхтатган шахслар ирқи, танасининг ранги, дини ёки эътиқоди, жинси, насл-насаби, мулкий аҳволи каби белгилар ёки бошқа шунга ўхшаш мезонлар сабабли ҳеч бир камситишсиз ҳар қандай шароитда инсоний муомаладан фойдаланиши зарур.

Шу мақсадда юқорида кўрсатилган шахсларга нисбатан қуйидаги ҳатти-ҳаракатлар тақиқланган ва ҳар доим, ҳамма жойда, тақиқланади:

а) ҳаётига ва жисмоний дахлсизлигига тажовуз қилиш, хусусан, ўлдиришнинг ҳар қандай турлари, жароҳат етказиш, шафқатсизларча муносабатда бўлиш, қийнаш ва азоблашлар;

b) гаровга олиш;

c) инсоний қадр-қимматига тажовуз қилиш, хусусан, таҳқирловчи ва камситувчи муносабатда бўлиш;

d) маданиятли халқлар томонидан зарурий деб тан олинган судлов кафолатлари мавжуд бўлгани ҳолда, тегишли равишда таъсис этилган суд томонидан чиқарилган дастлабки суд қарорисиз ҳукм қилиш ва жазо бериш.

2. Ярадорлар ва беморлар йиғиб олинади ва уларга ёрдам кўрсатилади.

Беғараз инсонпарварлик ташкилоти, масалан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, низолашаётган томонларга ўз хизматини таклиф этиши мумкин.

Бундан ташқари, низолашаётган томонлар мазкур Конвенциянинг қолган жами қоидаларини ёки уларнинг бир қисмини махсус битимлар тузиш йўли билан кучга киритишга интиладилар.

Юқоридаги қоидаларнинг қўлланилиши низолашаётган томонларнинг юридик мақомига таъсир қилмайди.

4-модда

Уруш ҳаракатлари низолашаётган томонларнинг қуруқликдаги ва денгиздаги кучлари ўртасида бўлса, мазкур Конвенция қарорлари фақат кемаларга жойлаштирилган кучларга нисбатан қўлланилади.

Қирғоққа туширилган бу кучлар дарҳол ҳаракатдаги армияларда ярадорлар, беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенцияси қарорларининг таъсир доирасига тушадилар.

 

5-модда

Бетараф Давлатлар низолашаётган томонлар қуролли кучларига мансуб бўлган ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларга, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимларига, уларнинг ҳудудларида қабул қилинган ёки интернирланган шахслар шунингдек, йиғиб олинган ўликларга нисбатан мазкур Конвенция қоидаларини ўхшашлигига кўра қўллайдилар.

6-модда

10, 18, 31, 38, 39, 40, 43 ва 53-моддаларда махсус кўзда тутилган битимлардан ташқари, Олий Аҳдлашувчи Томонлар алоҳида тартибга солиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган ҳар қандай масала бўйича бошқа махсус битимлар тузиши мумкин. Ҳеч қандай махсус битим ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганлар, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимларнинг мазкур Конвенцияда белгилаб қўйилган мавқеига зиён етказмаслиги, уларнинг мазкур ҳужжатда кўзда тутилган ҳуқуқларини чекламаслиги шарт.

Ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганлар, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимлар уларга нисбатан мазкур Конвенция қўлланилаётган вақт мобайнида ушбу ҳужжатларда кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланишда давом этадилар. Юқорида тилга олинган ёки кейин тузилган битимларга қарама-қарши мазмундаги шартларнинг махсус киритилиши ёхуд у ёки бу низолашаётган томонларнинг уларга нисбатан қулайроқ бўлган тадбирларни қўллаш ҳолатлари бундан мустасно.

 

7-модда

Ярадорлар ва беморлар, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимлар мазкур Конвенция томонидан ҳамда олдинги моддада тилга олинган махсус битимлар томонидан (агар шундай битимлар бўлса) таъминланадиган ҳуқуқлардан қисман ёхуд тўлалигича воз кечишлари мутлақо мумкин эмас.

 

8-модда

Мазкур Конвенция низолашаётган томонлар манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган Ҳомий-Давлатларнинг ёрдами билан ва уларнинг назорати остида қўлланилади. Бунинг учун Ҳомий-Давлатлар ўзларининг дипломатик ва консуллик хизматлари ходимларидан ташқари, ўз фуқаролари ёхуд бошқа бетараф Давлатлар фуқаролари орасидан делегатлар тайинлашлари мумкин. Ушбу делегатлар тайинланиши учун улар ўз вазифаларини бажаришга киришадиган Давлатнинг розилиги олиниши керак.

Низолашаётган томонлар Ҳомий-Давлатлар вакиллари ёки делегатларининг ишини имкони борича енгиллаштирадилар.

Ҳомий-Давлатлар вакиллари ёки делегатлари мазкур Конвенцияда белгиланган ўз вазифалари доирасидан четга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Хусусан, улар ўз вазифаларини бажаришга киришган Давлат хавфсизлигининг ўта муҳим эҳтиёжларини эътиборга олишлари зарур. Фақат қатъий ҳарбий талабларгина уларнинг фаолиятини вақтинча ва истисно тариқасида чеклаш ҳуқуқини беради.

 

9-модда

Мазкур Конвенция қоидалари Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки бошқа ҳар қандай беғараз инсонпарварлик ташкилоти томонидан ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларни, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимларни ҳимоя қилишга ва уларга низолашаётган манфаатдор томонларнинг розилиги билан ёрдам кўрсатишга қаратилган инсонпарварлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлмайди.

 

10-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Конвенция томонидан Ҳомий-Давлатларга юкланаётган мажбуриятларни беғаразлик ва таъсирчанлигини тўлиқ кафолатловчи муайян ташкилотга топшириш ҳақида ҳар қандай пайтда ўзаро келишишлари мумкин.

Агар қайсидир сабабга кўра ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларга, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимларга нисбатан муайян Ҳомий-Давлат ёки биринчи хатбошида кўзда тутилган ташкилотнинг фаолияти қўлланилмаётган ёхуд қўлланилиши тўхтатиб қўйилган бўлса, ҳимоядаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлат низолашаётган томонлар тайинлаган Ҳомий-Давлат мазкур Конвенцияга мувофиқ бажариши лозим бўлган вазифаларни ўз зиммасига олишини сўраб, бетараф Давлатга ёки шундай ташкилотга илтимос билан мурожаат қилиши лозим.

Агар ҳомийликни юқорида кўрсатилган тарзда амалга оширишнинг иложи бўлмаса, ҳимоядаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлат муайян инсонпарварлик ташкилотига, масалан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига илтимос билан мурожаат қилиши ёхуд ушбу модда қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, бундай ташкилотнинг мазкур Конвенцияга мувофиқ Ҳомий Давлатлар томонидан бажариладиган инсонпарварлик вазифаларини адо этишни ўз зиммасига олиши борасидаги таклифларини қабул қилиши керак.

Манфаатдор Давлат томонидан таклиф этилган ёки шу мақсадда ўзини тавсия этаётган ҳар қандай бетараф Давлат ёки ҳар қандай ташкилот мазкур Конвенция ҳимоясидан фойдаланувчи шахслар мансуб бўлган низолашаётган томонга нисбатан масъулиятни ҳис этган ҳолда ёндашиши, шунингдек, ўз зиммасига тегишли вазифаларни олишга ва уларни беғараз бажаришга қодирлиги тўғрисида етарлича кафолат бериши шарт.

Давлатлардан бирининг ҳарбий вазият сабабли, айниқса, мазкур Давлат ҳудудининг тўлалигича ёхуд катта қисми босиб олинганлиги туфайли у бошқа бир Давлат ёки унинг иттифоқчилари билан эркин музокаралар ўтказиш имконияти ҳаттоки вақтинча чекланган бўлса, юқорида келтирилган қоидалар Давлатлар ўртасидаги ўзаро махсус битимлар билан бузилиши мумкин эмас.

Мазкур Конвенцияда Ҳомий-Давлат эслатиб ўтилган ҳар бир ҳолатда, бу ном ушбу моддага мувофиқ унинг вазифасини бажарувчи муайян ташкилотни билдиради.

 

11-модда

Ҳомий-Давлатларлар ҳомийликдаги шахслар манфаати йўлида фойдали деб ҳисоблаган барча ҳолларда, хусусан, низолашаётган томонлар ўртасида мазкур Конвенция қоидаларини қўллаш ёки талқин қилиш борасида келишмовчиликлар юзага келганда, бундай келишмовчиликларга барҳам бериш мақсадида ўзларининг хайрли хизматларини кўрсатадилар.

Шу мақсадда Ҳомий-Давлатларнинг ҳар бири томонлардан бирининг илтимосига кўра ёки шахсий ташаббуси билан, низолашаётган томонларга уларнинг вакиллари, хусусан, зиммасига ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганлар, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимлар қисматига ғамхўрлик қилиш масъулияти юкланган маъмуриятлар иштирокида кенгаш ташкил қилишни таклиф этиши мумкин. Кенгаш тегишли тарзда танланган бетараф ҳудудда ўтказилиши мумкин. Низолашаётган томонлар бу борада ўзларига тушган таклифларга йўл очишлари шарт. Ҳомий-Давлатлар, зарурат туғилса, бетараф Давлатга мансуб бўлган ёхуд Халқаро Қизил Хоч Қўмитасидан вакил қилинаётган ва ушбу кенгашда иштирок этиш учун таклиф қилинадиган шахсни маъқуллаш учун низолашаётган томонлар эътиборига тавсия этиши мумкин.

 

II  Б О Б

ЯРАДОРЛАР, БЕМОРЛАР ВА КЕМА ҲАЛОКАТИГА УЧРАГАНЛАР

 

12-модда

Қуролли кучларнинг шахсий таркиби ва кейинги моддада кўрсатилган бошқа шахслар денгизда бўлган пайтида яраланган, касалликка чалинган ёки кема ҳалокатига учраган бўлса, барча ҳолатларда ҳомийлик ва ҳимоядан фойдаланишлари шарт. Шу билан бирга, “кема ҳалокати” атамаси қандай шароитида содир бўлганидан қатъи назар, барча кема ҳалокатларига, шу жумладан самолётларнинг денгизга мажбурий қўниши ёхуд денгизга қулаб тушиш ҳолларига нисбатан қўлланилади.

Ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларни ўз ҳукми остида сақлаб турган низолашувчи томон жинси, ирқи, миллати, дини, сиёсий эътиқоди ва шунга ўхшаш бошқа жиҳатлар сабабли ҳеч бир камситишга йўл қўймасдан, уларга нисбатан инсоний муомала ва парвариш кўрсатилишини таъминлайди. Уларнинг ҳаёти ва шахсиятига нисбатан ҳар қандай тажовуз, хусусан, уларни ўлдириб юбориш, қирғин қилиш, қийноққа солиш, улар устида биологик тажрибалар ўтказиш, уларни атайлаб тиббий ёрдамсиз ва қаровсиз қолдириш ёки заҳарланишлари учун қасддан шароит яратиш қатъиян тақиқланади.

Навбат билан тиббий ёрдам кўрсатишда фақат шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожлик сабаблигина имтиёзли ёндашишга йўл қўйилади.

Аёлларга муносабатда уларнинг жинси нуқтаи назаридан зарур бўлган алоҳида эътибор кўрсатилади.

 

13-модда

Мазкур Конвенция қуйидаги тоифаларга мансуб ярадорлар, беморлар ва денгизда кема ҳалокатига учраганларга нисбатан қўлланилади:

1. Низолашаётган томон қуролли кучларининг шахсий таркиби, шунингдек, ушбу қуролли кучларга кирувчи ихтиёрий лашкарлар ва кўнгиллилар отрядларининг шахсий таркиби.

2. Низолашаётган томонга тегишли бўлган ва ўз ҳудудида, ҳатто бу ҳудуд истило этилган бўлса ҳам, ёки ундан ташқарида фаолият юритувчи бошқа ихтиёрий лашкарлар ва кўнгиллилар отрядларининг, шу жумладан, уюшган қаршилик кўрсатиш ҳаракатларининг шахсий таркиби. Бунда ушбу ихтиёрий лашкарлар ва кўнгиллилар отрядлари ҳамда уюшган қаршилик кўрсатиш ҳаракатлари қуйидаги талабларга жавоб бериши, яъни:

a)      ўз қўл остидагилар учун масъулиятни зиммасига олган раҳбарга эга бўлиши;

b)      аниқ ва узоқдан кўринадиган фарқловчи белгига эга бўлиши;

c)      қурол-яроғларни очиқ олиб юриши;

d)     ўз ҳаттиаракатларида уруш қонун ва удумларига амал қилиши керак.

3. Ўзини асирликда сақлаб турган Давлат томонидан тан олинмаган ҳукумат ёки маъмурият ихтиёрида ҳисобловчи мунтазам қуролли кучларнинг шахсий таркиби.

4. Қуролли кучлар билан изма-из бораётган, лекин бевосита уларнинг таркибига кирмаган шахслар, масалан, ҳарбий самолётлар экипажи таркибидаги фуқаро шахслар, ҳарбий мухбирлар, таъминотчилар, шунингдек, қуролли кучларга маиший хизмат кўрсатувчи ишчи команда ва хизматларнинг шахсий таркиби, агар улар бунинг учун қуролли кучлардан рухсат олган бўлсалар.

5. Низолашаётган томонларнинг савдо флоти кемалари экипажининг аъзолари, жумладан, капитанлар, лоцманлар ва юнгалар ҳамда фуқаро авиацияси экипажи аъзолари, агар улар муайян халқаро ҳуқуқ қоидаларига кўра бошқа, нисбатан имтиёзли имкониятлардан фойдаланмаётган бўлсалар.

6. Истило этилмаган ҳудудларда яшаб турган ва душманнинг яқинлашиб келиши муносабати билан бостириб келаётган армияга қарши курашиш учун уюшмаган тарзда қўлига қурол олган, лекин мунтазам қўшин тарзида шаклланишга улгурмаган аҳоли, агар улар қуролини очиқ-ойдин олиб юрсалар ҳамда ўз ҳаттиаракатларида уруш қонунлари ва удумларига амал қилсалар.

 

14-модда

Урушаётган томоннинг ҳар қандай ҳарбий кемаси ҳарбий-госпитал кемаларида ва хайрия жамиятлари ёки хусусий шахсларнинг госпитал кемаларида, шунингдек савдо кемаларида, яхталар ва кичик кемаларда (бу кемаларнинг миллий мансублигидан қатъи назар) бўлган ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларни унга топширишни талаб қилиши мумкин. Бунда ярадор ва беморларнинг аҳволи уларни кўчириш имконини бериши ва ҳарбий кема зарурий тиббий парваришни таъминлаш учун етарли шарт-шароитларга эга бўлиши шарт.

 

15-модда

Агар ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганлар бетараф ҳарбий кема ёки бетараф ҳарбий самолёт томонидан олиб кетилган бўлса, улар халқаро ҳуқуқ талаб қилган ҳолларда, қайтадан ҳарбий ҳаракатларда иштирок эта олмасликлари чораси кўрилиши лозим.

 

16-модда

12-модда қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, урушаётган томоннинг душман қўл остига ўтиб қолган ярадорлари, беморлари ва кема ҳалокатига учраган шахслари ҳарбий асир ҳисобланади ҳамда уларга нисбатан халқаро ҳуқуқнинг ҳарбий асирларга тааллуқли қоидалари қўлланилади. Асирга олган томон шарт-шароитлардан келиб чиқиб, уларни ўз ихтиёрида олиб қолиш, ўз ихтиёридаги портга, бетараф портга ёки ҳатто душман портига жўнатиш лозимлиги тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Кейинги ҳолда ўз мамлакатига шу тарзда қайтарилган ҳарбий асирлар уруш даври мобайнида ҳарбий хизматда бўлишлари мумкин эмас.

 

17-модда

Маҳаллий маъмурларнинг розилиги билан бетараф портга туширилган ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганлар, агар бетараф Давлатнинг урушаётган давлатлар билан қарама-қарши мазмундаги келишуви бўлмаса,  бетараф Давлат томонидан халқаро ҳуқуқ талаб қилган ҳолларда ҳарбий ҳаракатларда қайтадан иштирок эта олмайдиган шароитда сақлаб турилиши керак.

Ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларни госпиталларга жойлаштириш ҳамда интернирлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар улар мансуб бўлган Давлат зиммасига юкланади.

 

18-модда

Ҳар бир жангдан сўнг низолашаётган томонлар тезлик билан ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларни излаб топиш ва олиб кетиш, уларни талон-тарождан ва ножўя муносабатлардан муҳофаза қилиш, уларга зарурий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ўликларни қидириб топиш ва уларнинг талон-тарож қилинишига йўл қўймаслик учун имкониятларидаги барча чораларни кўрадилар.

Шароит имкон берган ҳар бир ҳолатда низолашаётган томонлар ўртасида истило этилган ёки қамал қилинган ҳудуддан ярадорлар ва беморларни денгиз орқали хавфсиз жойга кўчириш, бу ҳудудга бораётган санитария ходимлари ва диний ходимлар ҳамда уларга тегишли мол-мулк учун йўл очиб бериш юзасидан маҳаллий битимлар тузилади.

 

19-модда

Низолашаётган томонлар душман томоннинг ўз қўлларига тушган ярадорлари, беморлари, кема ҳалокатига учраганлари ва ўликларининг шахсини аниқлашга ёрдам берувчи барча маълумотларни имкон туғилиши биланоқ қайд этиб боришлари зарур. Бу маълумотлар имкони борича қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

a)      ушбу шахс мансуб бўлган Давлатнинг номи;

b)      ҳарбий қисми ёки шахсий номери;

c)      фамилияси;

d)     исми ёки исмлари;

e)      туғилган санаси;

f)       унинг шахсий гувоҳномаси ёки танитувчи медальонидаги бошқа барча маълумотлар;

g)      асирга олинган ёки вафот этган санаси ва жойи;

h)      ярадор бўлиши, касалликка чалиниши ёки ўлими сабабларига доир маълумотлар.

Юқорида айтиб ўтилган маълумотлар имкон қадар тезлик билан ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 122-моддасида кўзда тутилган Маълумотлар Бюросига хабар қилиниши керак. Бюро, ўз навбатида, ҳомий Давлатлар ва ҳарбий асирлар ишлари бўйича Марказий Агентлик орқали ушбу маълумотларни бу асирлар мансуб бўлган Давлатга етказади.

Низолашаётган томонлар ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни ёки вафот этганларнинг тегишли тартибда тасдиқланган рўйхатларини тайёрлашлари ва ушбу Бюро орқали бир-бирларига жўнатишлари зарур. Улар икки бўлакли танитувчи медальоннинг бир бўлагини, ёки медальоннинг ўзини, васиятномалар ва марҳумнинг оиласи учун аҳамиятга молик бўлган бошқа ҳужжатларни, пулларни, марҳумнинг ёнидан топилган ва объектив ёки субъектив жиҳатдан қимматга эга бўлган барча буюмларни тўплайдилар ҳамда ушбу Бюро орқали бир-бирларига етказадилар. Бу буюмлар, шунингдек, эгаси аниқланмаган буюмлар муҳрланган пакетларга солиб жўнатилади, бундай пакетларга буюм эгаси бўлган марҳумларнинг шахсини аниқлашда ёрдам берадиган барча маълумотлар жамланган баённомалар ва буюмларнинг тўлиқ рўйхати илова қилинади.

 

20-модда

Низолашаётган томонлар марҳумларни денгизга дафн этиш маросимлари имкони борича якка тартибда амалга оширилиши ва бундай маросимдан олдин ўлим ҳолатини қайд этиш, ўликнинг шахсини аниқлаш ҳамда бу хусусда ҳисобот тайёрлаш имконини берадиган жиддий текширув, агар иложи топилса, тиббий кўрик ўтказиш учун барча чораларни кўради. Қўшалоқ танитувчи медальон ишлатилган ҳолда, унинг бир бўлаги ўликнинг танасида қолдирилиши керак.

Агар ўликлар қуруқликка етказилган бўлса, уларга нисбатан ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенцияси қоидалари қўлланилади.

 

21-модда

Низолашаётган томонлар бетараф савдо кемалари, яхталар ва кичик кемалар капитанларини инсонпарварликка даъват этиб, ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларни ўз кемалари бортларига қабул қилиш, уларни парваришлаш, шунингдек, ўликларни йиғиб олиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.

Бундай мурожаатларга жавоб қайтарган, шунингдек, ўз ташаббуси билан ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларни йиғиб олган барча турдаги кемалар ёрдам кўрсатиш бўйича ўз вазифаларини бажаришлари учун махсус ҳомийлик ва ёрдамдан фойдаланадилар.

Улар ҳеч қандай ҳолатда ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларни ташигани учун қўлга олиниши мумкин эмас; аммо, шу билан бирга, агар бу кемаларга бошқача ваъда берилган бўлмаса, бордию улар бетарафликка риоя қилмасалар, бунинг учун қўлга олиниши мумкин.

 

III  Б О Б

 

ГОСПИТАЛ КЕМАЛАР

 

22-модда

Ҳарбий-госпитал кемалар, яъни Давлатлар томонидан ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларга ёрдам бериш, даволаш ва ташишдан иборат ягона ва махсус мақсад билан қурилган ёки жиҳозланган кемаларга ҳеч қандай шароитда ҳужум қилиниши, уларнинг қўлга олиниши мумкин эмас, аммо, бу кемалардан фойдаланишдан 10 кун олдин уларнинг номи ва хусусиятлари тўғрисида низолашаётган томонлар хабардор этилган бўлса, улар ҳар қандай пайтда ҳурмат қилиниши ва ҳимоядан фойдаланиши лозим.

Томонларга хабар қилинадиган маълумотларда кеманинг рўйхатга олинган брутто-тоннажи, кеманинг бурнидан то қуйруғигача бўлган узунлиги, мачта ва трубаларининг сони ҳам кўрсатилади.

 

23-модда

Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенцияси ҳомийлигида бўлган қирғоқдаги муассасаларга денгиздан ҳужум қилиш ёки уларни ўққа тутиш мумкин эмас.

 

24-модда

Қизил Хоч миллий жамиятлари, расмий тарзда эътироф этилган хайрия жамиятлари ёки хусусий шахслар томонидан ишлатиладиган госпитал кемалар ҳарбий госпитал кемалар қатори ҳомийликдан фойдаланади ҳамда, агар уларга ўзлари тегишли бўлган низолашаётган томон расмий топшириқ берган ва 22-моддадаги хабардор қилишга оид кўрсатмалар бажарилган бўлса, бу кемаларни қўлга олиш мумкин эмас.

Бу кемалар уларни жиҳозлаш ва йўлга чиқариш жараёни тегишли маъмурлар назорати остида амалга оширилганлигини тасдиқловчи ва шу маъмурлар томонидан берилган ҳужжатга эга бўлишлари керак.

 

25-модда

Қизил Хоч миллий жамиятлари, бетараф мамлакатларнинг расмий тарзда эътироф этилган хайрия жамиятлари ёки хусусий шахслар томонидан ишлатиладиган госпитал кемалар ҳам ҳарбий госпитал кемалар қатори ҳомийликдан фойдаланишлари керак ҳамда, агар улар ўз ҳукуматининг олдиндан олинган розилиги ва манфаатдор низолашаётган томоннинг рухсати билан низолашаётган томоннинг ихтиёрига ўтган ва 22-моддадаги хабардор қилишга оид кўрсатмалар бажарилган бўлса, бу кемаларни қўлга олиш мумкин эмас.

 

26-модда

            22, 24 ва 25-моддаларда тилга олинган ҳомийлик ҳар қандай тоннажли кемалар ва уларнинг қутқариш қайиқларига ҳам, улар қаерда ишлатилишидан қатъи назар, тааллуқли ҳисобланади. Аммо қулайлик ва хавфсизликни мумкин қадар таъминлаш мақсадида, низолашаётган томонлар ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларни узоқ масофага ва очиқ денгизда ташиш учун фақат сув сиғими 2000 брутто-тоннадан ортиқ бўлган госпитал кемаларнигина ишлатишга ҳаракат қилишлари зарур.

 

27-модда

Давлат ёки расмий тарзда эътироф этилган ёрдам жамиятлари томонидан қирғоқбўйи қутқарув ишларини бажариш учун ишлатиладиган кичикроқ кемалар ҳам 22 ва 24-моддаларда кўзда тутилган тартиб-қоидалар асосида, жанг ҳаракатларига оид талаблар имкон берган даражада ҳурмат қилиниши ва ҳомийликдан фойдаланиши керак.

Бундай тартиб ўз инсонпарварлик вазифасини ўташ пайтида фақат мазкур кемаларгина фойдаланадиган доимий қирғоқ иншоотларига нисбатан ҳам, имконият даражасида, тааллуқли бўлади.

 

28-модда

Ҳарбий кема бортида жанг бўлган ҳолларда, лазаретларни имкон қадар авайлаш ва сақлаб қолиш лозим. Бу лазаретлар ва уларнинг асбоб-ускуналари уруш қонунлари таъсир доирасида қолади, аммо ярадорлар ва беморлар эҳтиёжи учун зарур бўлиб турар экан, уларни бошқа мақсадларга йўналтириш мумкин эмас. Бироқ лазаретлар ва уларнинг асбоб-ускуналарини ўз ҳукми остига олган командир, бу ерда даволанаётган ярадорлар ва беморларнинг қисматини олдиндан таъминлагач, ўта долзарб ҳарбий зарурат тақозо этган ҳолда улардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

 

29-модда

Душман ҳукми остига тушиб қолган портда турган ҳар қандай госпитал кемага ушбу портдан чиқиб кетиши учун рухсат этилади.

 

30-модда

22, 24, 25 ва 27-моддаларда айтиб ўтилган кемалар ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларга уларни миллатига кўра ажратмаган ҳолда кўмак ва ёрдам кўрсатади.

Олий Аҳдлашувчи Томонлар мазкур кемалардан ҳеч қандай ҳарбий мақсадларда фойдаланмаслик мажбуриятини оладилар.

Бу кемалар жанг қилаётганларнинг ҳаракатланишига ҳеч қандай халал бермаслиги зарур.

Бу кемалар жанг пайтида ва жангдан кейин барча хавф-хатар учун масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда ҳаракат қилади.

 

31-модда

Низолашаётган томонлар 22, 24, 25 ва 27-моддаларда айтиб ўтилган кемаларни назорат қилиш ва кўздан кечириш ҳуқуқига эгадир. Улар ушбу кемалар кўмагидан воз кечишлари, уларга жўнаб кетишни буюришлари, муайян йўналиш бўйича ҳаракатланиш юзасидан кўрсатма беришлари, радиоускуналар ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланишларини назорат қилишлари, ҳатто, агар вазият жиддийлиги талаб қилса, бу кемаларни кўздан кечирган вақтларидан бошлаб 7 кундан ортиқ бўлмаган муддатга ушлаб қолишлари ҳам мумкин.

Улар кемага вақтинча комиссар тайинлашлари мумкин, мазкур комиссарнинг ягона вазифаси юқоридаги хатбошида кўзда тутилган  қоидаларга мувофиқ бериладиган буйруқларнинг амалга оширилишини назорат қилишдан иборат бўлади.

Низолашаётган томонлар, имкониятга қараб, ўзлари берадиган буйруқларни госпитал кема журналига госпитал кема командири учун тушунарли тилда қайд этадилар.

Низолашаётган томонлар бир томонлама акт ёки махсус битим асосида ўз госпитал кемаларига мазкур Конвенция қарорларининг қатъий бажарилишига гувоҳлик берувчи бетараф кузатувчиларни жойлаштиришлари мумкин.

 

32-модда

22, 24, 25 ва 27-моддаларда айтиб ўтилган кемалар бетараф портда турган бўлса, ҳарбий кемаларга тенглаштирилмайди.

 

33-модда

Госпитал кемага айлантирилган савдо кемалари бутун уруш даври мобайнида бошқа мақсадлар учун ишлатилиши мумкин эмас.

 

34-модда

Госпитал кемалар ва кема лазаретларининг ҳомийликдан фойдаланиш ҳуқуқи улар душманга қарши қаратилган ва ўзларининг инсонпарварлик вазифаларидан ташқарига чиқувчи ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланилган ҳоллардагина тўхтатиб қўйилиши мумкин. Бироқ ҳомийлик барча ҳолларда оқилона муддатлар белгиланадиган тегишли огоҳлантириш берилиб, бу огоҳлантириш натижасиз қолгач, тўхтатилади.

Хусусан, госпитал кемалар ўз радиоузатгичлари ёки бошқа алоқа воситалари учун махфий кодга эга бўлиши ёки ундан фойдаланиши мумкин эмас.

 

35-модда

Қуйидаги ҳолатларга госпитал кемалар ва кема лазаретларини улар ҳақли бўлган ҳомийликдан маҳрум этувчи шартлар деб қаралмайди:

1. Госпитал кемалар экипажлари ва кема лазаретлари ходимлари тартибни сақлаш, ўзини-ўзи муҳофаза қилиш ҳамда беморлар ва ярадорларни ҳимоя қилиш учун қуролланганлиги.

2. Кема бортида фақат сузишни ва алоқани таъминлашга мўлжалланган ускуналарнинг мавжудлиги.

3. Госпитал кемалар ёки кема лазаретларида ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганлардан олиб қўйилган ва тегишли жойларга топшириб улгурилмаган қўлда олиб юрилувчи қуроллар ҳамда ўқ-дорилар топилганлиги.

4. Госпитал кемалар ва кема лазаретлари ёки улар командаларининг инсонпарварлик фаолияти фуқаро шахслардан бўлган ярадорлар, беморлар ёки кема ҳалокатига учраганларга қаратилганлиги.

5. Фақат санитария вазифаларини бажаришгагина мўлжалланган асбоб-ускуна ва ходимлар одатдаги заруриятга нисбатан кўпроқ миқдорда ташилганлиги.

 

 

IV  Б О Б

 

ШАХСИЙ ТАРКИБ

 

36-модда

Госпитал кемаларнинг тиббиёт, госпитал ва диний ходимлари ҳамда кема экипажи ҳурмат ва ҳомийликдан фойдаланадилар; улар госпитал кемалардаги хизматлари даврида, кема бортида ярадорлар ва беморлар бор-йўқлигидан қатъи назар, қўлга олинишлари мумкин эмас.

 

37-модда

Вазифаси 12 ва 13-моддаларда санаб ўтилган шахсларга тиббий ҳамда маънавий хизмат кўрсатишдан иборат бўлган тиббий, госпитал ва диний ходимлар душман қўлига тушиб қолган тақдирда, ҳурмат ва ҳомийликдан фойдаланади; улар ярадорлар ва беморларни парваришлаш талаб этилиб турган вақт мобайнида ўз касбий фаолиятини давом эттиришлари мумкин. Сўнг ушбу ходимларни ўз ҳукмида сақлаб турган бош қўмондон мумкин деб топган заҳотиёқ, улар ортга қайтариб юборилиши лозим. Кемадан кетаётиб, улар ўзларининг шахсий мулки бўлган буюмларни бирга олиб кетишлари мумкин.

Аммо ҳарбий асирларнинг санитария ва маънавий эҳтиёжлари сабабли бундай ходимларнинг бир қисмини ушлаб қолиш зарур бўлса, уларни энг қисқа муддат ичида қирғоққа тушириш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Ушлаб қолинган ходимлар қирғоққа туширилганидан сўнг ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йилнинг 12 августидаги Женева Конвенцияси қоидаларининг таъсир доирасида бўлади.

 

 

V  Б О Б

 

САНИТАРИЯ ТРАНСПОРТЛАРИ

 

38-модда

Ушбу мақсад учун ёлланган кемаларга, агар бу кемаларнинг қатнови хусусида душман Давлатга маълум қилинган ва унинг розилиги олинган бўлса, фақат қуролли кучлар таркибига тегишли ярадорлар ва беморларни даволашда ишлатиладиган ёки касалликнинг олдини олиш учун зарур бўлган материалларни ташиш учун рухсат этилади. Душман Давлат ушбу кемаларни кўздан кечириш ҳуқуқига эга, аммо на кемаларни ва на уларга тегишли юкларни ушлаб қолишга ҳақли эмас.

Низолашаётган томонлар ўртасидаги ўзаро келишув асосида, ушбу кемаларга ташилаётган юкни назорат қилиш учун бетараф кузатувчилар жойлаштирилиши мумкин. Бунинг учун уларга ташилаётган нарсалар билан танишиш эркинлиги берилиши зарур.

 

39-модда

Санитария учиш аппаратларига, яъни фақатгина ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларни кўчириш учун ҳамда санитария ходимлари ва мол-мулкини ташиш учун фойдаланиладиган аппаратларга ҳужум қилинмайди, аммо улар манфаатдор низолашаётган томонлар ўртасида тузилган битимда махсус кўзда тутилган муайян вақт, баландлик ва йўналиш бўйича учсагина, низолашаётган томонлар уларни ҳурмат қилади.

Улар остки қисми, усти ва ён томонларида миллий ранглар билан биргаликда, 41-моддада кўзда тутилган ва аниқ кўзга ташланадиган фарқловчи белгига эга бўладилар. Улар ҳарбий ҳаракатлар бошида ёки давомида низолашаётган томонлар ўртасида ўзаро келишув бўйича ўрнатилган бошқа ҳар қандай сигнал мосламаси ёки танитувчи белгиларга эга бўлиши ҳам мумкин.

Қарама-қарши мазмундаги келишув бўлмаган ҳолларда, душман ҳудуди ёки у эгаллаб турган ҳудуд устидан учиш тақиқланади.

Санитария учиш аппаратлари ерга ёки сувга қўниш тўғрисидаги ҳар қандай талабга бўйсунишлари шарт. Учиш аппарати талабга биноан йўловчилари билан ерга ёки сувга қўндирилган ҳолларда, амалга оширилган текширувдан сўнг ўз парвозини давом эттириши мумкин. 

Душман ҳудуди ёки душман томонидан эгаллаб турилган ҳудудда қўнишга мажбур бўлинса, ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганлар, шунингдек, учиш аппаратининг экипажи ҳарбий асирга айланадилар. Санитария ходимларига нисбатан 36 ва 37-моддаларга мувофиқ ҳолда муомала қилинади.

 

40-модда

Низолашаётган томонларнинг санитария учиш аппаратлари мазкур модданинг иккинчи хатбошида баён этилган шартларга амал қилинганда, бетараф Давлатлар ҳудуди устидан учиши ва у ерга зарурият туғилганда ёки оралиқ тўхташ жойи сифатида қўниши мумкин. Улар бетараф Давлатларни уларнинг ҳудуди устидан учиб ўтишлари ҳақида олдиндан хабардор қилишлари ҳамда ерга ёки сувга қўниш тўғрисидаги ҳар қандай талабга бўйсунишлари шарт. Улар низолашаётган томонлар ва манфаатдор бетараф Давлатлар ўртасида тузилган битимда махсус кўзда тутилган муайян йўналиш, баландлик ва вақт бўйича учсагина ҳужумдан холи бўладилар.

Лекин бетараф Давлатлар санитария учиш аппаратларининг ўз ҳудудлари устидан учиши ёки у ерга қўнишига нисбатан шартлар ёки чеклашлар белгилашлари мумкин. Белгиланиши мумкин бўлган бундай шартлар ёки чеклашлар низолашаётган барча томонлар учун бир хил қўлланади.

Агар бетараф Давлат билан низолашаётган томонлар ўртасида бошқача мазмундаги келишув мавжуд бўлмаса, маҳаллий маъмурларнинг розилиги асосида санитария учиш аппаратидан бетараф ҳудудга туширилган ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганлар бетараф Давлат томонидан шундай тартибда сақлаб турилиши керакки, токи улар халқаро ҳуқуқ талабларига мувофиқ ҳарбий ҳаракатларда қайтадан иштирок эта олмасинлар. Мазкур ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганлар мансуб бўлган Давлат уларни госпиталларга жойлаштириш ҳамда интернирлаш билан боғлиқ сарф-харажатларни ўз зиммасига олади.

 

 

VI  Б О Б

 

ФАРҚЛОВЧИ ЭМБЛЕМА

 

41-модда

Ваколатли ҳарбий маъмурларнинг назорати остида оқ рангли асосга туширилган қизил хоч  эмблемаси санитария хизматларининг байроқларида, енгдаги боғичларида ва уларга тегишли барча ашёларда тасвирланади.

Аммо ҳозир фарқловчи белги сифатида оқ рангли асосдаги қизил хоч ўрнига оқ рангли асосдаги қизил ярим ой ёки қизил шер ва қуёш тасвирини ишлатаётган мамлакатларга нисбатан, ушбу эмблемалар тенг асосларда мазкур Конвенция мазмунида эътироф этилади.

 

42-модда

36 ва 37-моддаларда қайд этилган шахсий таркиб чап енгида намликдан яроқсиз ҳолга келмайдиган фарқловчи белгига эга бўлган ва ҳарбий маъмурлар томонидан бериладиган ва муҳрланадиган боғич тақиб юради.

Ушбу шахсий таркиб 19-моддада кўрсатилган танитувчи медальонга қўшимча сифатида фарқловчи белги билан жиҳозланган махсус шахсий гувоҳномага ҳам эга бўлади. Бу гувоҳнома намликдан яроқсиз ҳолга келмайдиган ва чўнтакка сиғадиган ўлчамда бўлмоғи керак. У тегишли давлатнинг тилида тўлдирилган бўлиши, унда камида ҳужжат эгасининг исми, фамилияси, туғилган санаси, унвони ва ҳарбий номери, бундан ташқари, мазкур Конвенция ҳомийлигидан ким сифатида фойдаланиш ҳуқуқига эга экани ҳақидаги маълумотлар қайд этилиши керак. Гувоҳномада унинг эгасининг расми, шунингдек, имзоси ёки бармоқ излари ёхуд уларнинг ҳар иккиси бўлиши зарур. Унда ҳарбий маъмурларнинг аниқ билиниб турадиган муҳри бўлиши шарт.

Шахсий гувоҳномалар ҳар бир армияда бир хил андазада ҳамда барча Олий Аҳдлашувчи Томонлар армиялари учун имкон қадар бир турда бўлиши керак. Низолашаётган томонлар мисол сифатида мазкур Конвенцияга илова қилинган гувоҳнома намунасига асосланишлари мумкин. Ҳарбий ҳаракатлар бошланишида улар бир-бирларини ўзлари қабул қилган намуна тўғрисида хабардор қиладилар. Ҳар бир гувоҳнома, иложи бўлса, камида икки нусхада тайёрланиши керак ва улардан бири ушбу шахс тегишли бўлган Давлат ихтиёрида сақланади.

Юқорида кўрсатилган шахсий таркиб ўзининг фарқловчи белгиларидан ёки гувоҳномасидан ва енгида боғич боғлаб юриш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Улар йўқотиб қўйилган тақдирда, йўқотган шахс гувоҳнома ва фарқловчи белгиларнинг дубликатларини олиш ҳуқуқига эга.

 

43-модда

22, 24, 25 ва 27-моддаларда кўрсатилган кемалар қуйидаги тарзда ажратилади:

a)      барча ташқи юзалар оқ рангда бўлиши керак;

b)      денгизда ва ҳаводан равшан кўриниб туришини таъминлаш мақсадида иложи борича каттароқ ҳажмдаги битта ёки бир нечта тўқ қизил рангдаги хоч белгиси кема корпусининг ҳар бир томонида ва горизонтал қисмларида тасвирланган бўлиши керак.

Барча госпитал кемалар ўзларини танитиш мақсадида миллий байроқларини кўтаришлари, бундан ташқари, агар улар бетараф Давлатга мансуб бўлсалар, ўзлари ихтиёрига ўтган низолашаётган томон байроғини кўтаришлари зарур. Оқ рангли асосдаги қизил хоч тасвири туширилган байроқ гротмачтада иложи борича баландроққа осиб қўйилиши керак.

Тиббий хизмат томонидан ишлатилаётган госпитал кемаларнинг қутқариш қайиқлари, қирғоқбўйи қутқариш кемалари ва барча кичикроқ кемалар тўқ қизил рангли хоч белгиси яққол кўриниб турадиган оқ рангга бўялиши ва, умуман, госпитал кемалар учун юқорида белгилаб қўйилган танитиш тизимига риоя қилишлари зарур.

Юқорида қайд этилган кемалар тунги пайтларда ва кўриш имконияти чекланган шароитларда ўзларини ҳомийликдан фойдаланиш ҳуқуқи билан таъминлашни истаган тақдирда, ўзлари тасарруфида бўлган низолашаётган томоннинг розилиги асосида ўз бўёқлари ва эмблемаларининг етарли даражада яққол кўриниши учун зарур чораларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Душман томонидан 31-моддага биноан вақтинча ушлаб қолинган госпитал кемалар ўзлари хизматида ёки ихтиёрида бўлган низолашаётган томоннинг байроғини тушириб қўйишлари шарт.

Қирғоқбўйи қутқариш кемалари босиб олган Давлат розилиги асосида истило этилган базаларда фаолият кўрсатишни давом эттираётган бўлса, у ҳолда ушбу кемаларга денгизга чиқиш чоғида оқ рангли асосдаги қизил хоч тасвири туширилган байроқ билан бирга, бу ҳақда низолашаётган барча манфаатдор томонларни олдиндан хабардор қилиш шарти билан, ўз миллий байроқларини ҳам осиб қўйишлари учун рухсат этилиши мумкин.

Ушбу модданинг қизил хоч эмблемасига тегишли барча қоидалари 41-моддада қайд этилган барча бошқа эмблемалар учун ҳам бир хилда қўлланилади.

Низолашаётган томонлар ҳар доим госпитал кемаларни фарқлашга хизмат қиладиган энг замонавий оммабоп усулларни қўллаш юзасидан битимлар имзолашга ҳаракат қиладилар.

 

44-модда

43-моддада қайд этилган танитувчи белгилар тинчлик даврида ҳам, уруш вақтида ҳам фақат ушбу моддада кўрсатилган кемаларни ҳимоя қилиш ёки белгилаш учунгина фойдаланилиши мумкин; истиснолар бошқа бирорта халқаро конвенция ёки низолашаётган барча манфаатдор томонлар ўртасида тузилган битим асосида бўлиши мумкин.

 

45-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар, агар ўзларининг амалдаги қонунчилиги етарли бўлмаса, 43-моддада кўзда тутилган эмблемалардан фойдаланишда ҳар қандай пайтда суистеъмолчиликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш учун зарур чораларни кўрадилар.

 

VII  Б О Б

 

КОНВЕНЦИЯНИНГ БАЖАРИЛИШИ

 

46-модда

Низолашаётган томонларнинг ҳар бири ўзининг бош қўмондони орқали юқоридаги моддаларнинг бажарилиш тафсилотлари, худди шунингдек, мазкур Конвенциянинг умумий тамойилларидан келиб чиқиб, кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳақида ҳам қайғуриши лозим.

 

47-модда

Конвенция ҳимояси остида бўлган ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраганларга, шахсий таркибга, кемалар ва мол-мулкка нисбатан жазо чоралари қўллаш тақиқланади.

 

48-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам мазкур Конвенция матнини ўз мамлакатларида имкон қадар кенгроқ тарқатиш ва, хусусан, уни ўрганиш учун ҳарбий, мумкин бўлса, фуқаровий таълим соҳасининг ўқув дастурларига киритиш мажбуриятини зиммасига оладилар, токи унинг тамойилларидан бутун аҳоли, шу жумладан, жанг олиб бораётган қуролли кучлар, санитар ва диний ходимлар хабардор бўлсин.

 

49-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар Швейцария Федерал Кенгаши орқали, ҳарбий ҳаракатлар вақтида эса Ҳомий-Давлатлар орқали мазкур Конвенция таржималарининг расмий матнларини, шунингдек, унинг қўлланилишини таъминлаш мақсадида улар қабул қилишлари мумкин бўлган қонунлар ва қарорларни бир-бирларига етказадилар.

 

VIII  Б О Б

 

СУИИСТЕЪМОЛЧИЛИКЛАР ВА  БУЗИЛИШЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

 

50-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўз зиммаларига мазкур Конвенция қоидаларининг кейинги моддада кўрсатилган у ёки бу жиддий бузилишини содир этган ёки содир этишга буйруқ берган шахсларга самарали жиноий жавобгарликни таъминлаш учун зарур бўлган қонунчиликни кучга киритиш мажбуриятини оладилар.

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири қоидаларнинг қуйида тилга олинадиган у ёки бу жиддий бузилишини содир этганликда ёхуд содир этишга буйруқ берганликда айбланаётган шахсларни қидириб топиш ва қайси мамлакат фуқароси эканлигидан қатъи назар, уларни ўз судига топширишни зиммасига олади. Тегишли томон, агар хоҳласа, суд қилиш учун уларни ўз қонунчилигига мувофиқ бошқа манфаатдор Олий Аҳдлашувчи Томон ихтиёрига бериши ҳам мумкин. Бунинг учун ушбу Аҳдлашувчи Томон ана шу шахсларни айблаш учун асос бўла оладиган далилларга эга бўлиши керак.

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири кейинги моддада айтиб ўтилган жиддий қоидабузарликлардан ташқари, мазкур Конвенция қоидаларига зид бўлган бошқа ҳар қандай ҳаттиаракатларга барҳам бериш учун зарур чораларни кўради.

Барча ҳолатларда айбланувчи шахслар тегишли суд процедураси ва ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатларидан фойдаланадилар. Бу кафолатларнинг ёрдами ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 105-моддасида ва ундан кейинги моддаларда кўзда тутилган кафолатлардан кам бўлмаслиги керак.

 

51-модда

Аввалги моддада айтилган жиддий қоидабузарликлар қаторига мазкур Конвенция ҳомийлигидан фойдаланаётган шахслар ёки мол-мулкка қарши қаратилган ва қуйидаги ҳаракатларнинг бири билан боғлиқ бўлган қоидабузарликлар киради: қасддан одам ўлдириш, қийноққа солиш ва ғайриинсоний муносабатда бўлиш, шу жумладан, биологик тажрибалар ўтказиш, атайлаб оғир азоблар ёки жиддий шикаст етказиш, соғлиққа зиён келтириш, ҳарбий зарурият тақозо қилмаган ҳолда мол-мулкни ноқонунийлик ва ўзбошимчалик билан кенг кўламда вайрон этиш ёки эгаллаб олиш.

 

52-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳеч бирига ўзини ёки бирор бир бошқа Олий Аҳдлашувчи Томонни юқоридаги моддада кўзда тутилган қоидабузарликларнинг оқибати унга ёки бошқа Аҳдлашувчи Томонга юклайдиган жавобгарликдан озод этишга рухсат берилмайди.

 

53-модда

Низолашаётган томонлардан бирининг илтимосига биноан, Конвенция қоидаларининг бузилиши ҳақидаги ҳар қандай айблов юзасидан манфаатдор томонлар ўртасида белгиланадиган процедура тартибида текширув бошланиши лозим.

Текширув процедураси ҳақидаги масала бўйича келишувга эришилмаган тақдирда, томонлар ўзаро келишган ҳолда арбитр танлайдилар ва арбитр процедура масаласини ҳал этади.

Қоидабузарлик аниқланиши биланоқ низолашаётган томонлар унга барҳам берадилар ва имкон қадар қисқа фурсатда айбдорни жазолаш чораларини кўрадилар.

 

ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

 

54-модда

Мазкур Конвенция француз ва инглиз тилларида тайёрланган. Ҳар икки тилдаги матн бир хил кучга эга.

Швейцария Федерал Кенгаши Конвенциянинг рус ва испан тилларига расмий таржималарини таъминлайди.

 

55-модда

Мазкур сана қўйилган ушбу Конвенция 1949 йил 21 апрелда Женевада очилган конференцияга вакил юборган барча Давлатлар, шунингдек, ушбу конференцияга вакил юбормаган бўлса-да, лекин 1907 йил 18 октябрда қабул қилинган Денгиздаги урушга нисбатан 1906 йилги Женева Конвенциясининг асосий қоидаларини қўллаш тўғрисидаги X Гаага Конвенцияси ёки ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисидаги 1864, 1906 ёки 1929 йиллардаги Женева Конвенцияларида иштирок этган Давлатлар томонидан 1950 йилнинг 12 февралигача имзоланиши мумкин.

 

56-модда

Мазкур Конвенция имкон қадар тезроқ ратификация қилинади ва ратификация ёрлиқлари сақлаш учун Бернга топширилади.

Ҳар бир ратификация ёрлиғини топшириш ҳақида протокол тузилади ва унинг тасдиқланган нусхаси Конвенцияни имзолаган ёки унга қўшилиш тўғрисида баёнот берган барча Давлатларга Швейцария Федерал Кенгаши томонидан топширилади.

 

57-модда

Мазкур Конвенция камида иккита ратификация ёрлиғи сақлаш учун топширилгандан сўнг олти ой ўтгач кучга киради.

Бундан кейин у ҳар қайси Олий Аҳдлашувчи Томон учун мазкур томоннинг ратификация ёрлиғи сақлашга топширилганидан сўнг олти ой ўтгач, кучга кириб боради.

 

58-модда

Мазкур Конвенция Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги муносабатларда 1906 йилдаги Женева Конвенцияси асосий қоидаларини денгиздаги урушга нисбатан қўллаш тўғрисида 1907 йил 18 октябрда қабул қилинган Х Гаага Конвенциясининг ўрнини босади.

 

59-модда

Мазкур Конвенция кучга кирган кунидан эътиборан ушбу Конвенцияни имзоламаган ҳар қандай давлатнинг унга қўшилиши учун очиқ бўлади.

 

60-модда

Ҳар бир қўшилиш тўғрисида Швейцария Федерал Кенгашига ёзма равишда баёнот берилади ва ушбу баёнот олинган кунидан бошлаб олти ой вақт ўтгач кучга киради.

Швейцария Федерал Кенгаши Конвенцияни имзолаган ёки унга қўшилиш тўғрисида баёнот берган барча давлатларни қўшилганлик тўғрисида хабардор қилади.

 

61-модда

2 ва 3-моддаларда кўзда тутилган ҳолатлар ратификацияларнинг сақлашга топширилиши, шунингдек, низолашаётган томонлар ҳарбий ҳаракатлардан ёки истилодан олдин ёхуд кейин қўшилиш тўғрисида баёнот бериши билан дарҳол кучга киритилади. Швейцария Федерал Кенгаши ратификациялар ёки низолашаётган томонлардан қўшилиш ҳақида олинган баёнотлар тўғрисида энг тезкор йўллар билан хабар етказади.

 

62-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири мазкур Конвенцияни денонсация қилиш имкониятига эга бўлади.

Денонсация тўғрисида Швейцария Федерал Кенгашига ёзма равишда баёнот берилади ва у денонсация тўғрисида барча Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳукуматларини хабардор қилади.

Денонсация Швейцария Федерал Кенгашига бу ҳақда ёзма баёнот берилганидан сўнг бир йил ўтгач кучга киради. Шу билан бирга, тегишли Давлат можарода иштирок этаётган вақтда денонсация тўғрисида баёнот берган бўлса, у тинчлик битимига эришилмагунча ва ҳар ҳолда, мазкур Конвенция ҳомийлигидан фойдаланаётган шахсларни озод этиш ва ўз ватанларига қайтариш бўйича ишлар тугалланмагунча кучга кирмаслиги керак.

Денонсация бу ҳақда баёнот берган Давлатга нисбатангина кучга эгадир. У низолашаётган томонлар зиммасига халқаро ҳуқуқ тамойилларидан келиб чиқиб юкланадиган мажбуриятларга ҳеч қандай таъсир этмайди, чунки бу мажбуриятлар маданиятли халқлар ўртасида қарор топган удумлар, инсонийлик қонун-қоидалари ва жамоатчилик виждон амридан келиб чиқади.

 

63-модда

Швейцария Федерал Кенгаши мазкур Конвенцияни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти котибиятида рўйхатдан ўтказади. Швейцария Федерал Кенгаши, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти котибиятига ушбу Конвенция юзасидан олинган барча ратификациялар, қўшилишлар ва денонсация қилишлар тўғрисида хабар бериб боради.

Ушбуни тасдиқлаш учун қуйида имзо чекувчилар тегишли ваколатларни тақдим этган ҳолда мазкур Конвенцияни имзоладилар.

Женевада 1949 йил 12 августда француз ва инглиз тилларида тузилди; мазкур Конвенциянинг асл нусхаси Швейцария Конфедерацияси архивларида сақланади, Конвенциянинг тасдиқланган нусхалари эса Швейцария Федерал Кенгаши томонидан уни имзолаган ёки унга қўшилган ҳар бир Давлатга топширилади.

 

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати