Сайт  харитаси

Халқаро гуманитар ҳуқуқ тарғиботи

 

I Женева Конвенцияси. Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисимларни  яхшилаш тўғрисида

II Женева Конвенцияси. Денгиз  қуролли кучлари таркибига мансуб яраторлар беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг қисматини  яхшилаш тўғрисида

III Женева Конвенцияси  Ҳарбий асирлар билан муамала қилиш тўғрисида

IV Женева Конвенцияси Уруш даврида фуқаро аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида

I Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

II Протокол. 1949 йил 12 августдаги Женева конвенцияларига Халқаро характерда бўлмаган  қуролли можаролар  қурбонларини ҳимоя қилишга доир қўшимча протокол

 

 

I Женева Конвенцияси.

Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисимларни яхшилаш тўғрисида

 

 

 

 

Женева 12 август 1949 йил

 

 

 

 

 

Тубанда имзо чекувчилар, ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1929 йилнинг 27 июлидаги Женева Конвенциясини қайта кўриб чиқиш мақсадида 1949 йил 21 апрелдан 12 августгача Женевада ўтказилган Дипломатия Конференциясида иштирок этган Ҳукуматларнинг Вакиллари қуйидаги битимни туздилар:

 

I БОБ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳар қандай ҳолатда ушбу Конвенцияга амал қилиш ва амал қилишга мажбур этишни ўз зиммаларига оладилар.

 

2-модда

Тинчлик давридаёқ кучга кириши лозим бўлган қарорлардан ташқари, мазкур Конвенция икки ёки бир неча Олий Аҳдлашувчи томон ўртасида уруш эълон қилинган ёки бошқа ҳар қандай қуролли можаро юз берган шароитда, ҳатто томонлардан бири уруш ҳолатини тан олмаса ҳам, қўлланилади.

Конвенция, шунингдек, Олий Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудуди тўлиқ ёки қисман истило этилган барча ҳолларда, ҳатто бу истило ҳеч қандай қуролли қаршиликка учрамаса ҳам, қўлланилади.

Агар низолашаётган Давлатлардан бири мазкур Конвенция иштирокчиси бўлмаса ҳам, иштирокчи бўлган Давлатлар ўзаро муносабатларида у билан боғлиқликларини сақлаб қоладилар. Бундан ташқари, улар юқорида кўрсатилган Давлат мазкур Конвенция қоидаларини қабул қилаётган ва қўллаётган бўлса, бу Давлатга нисбатан Конвенция билан боғланган бўладилар.

3-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида юзага келган ва халқаро характерда бўлмаган қуролли можаро ҳолатида низолашаётган томонлардан ҳар бири энг камида қуйидаги қоидаларга амал қилишга мажбурдир:

1. Ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этмаётган шахслар, шу жумладан қуролли кучлар таркибидан бўлган ва қуролини ташлаган, шунингдек, касаллиги, ярадорлиги, қўлга олинганлиги ёки бошқа ҳар қандай сабабларга кўра ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тўхтатган шахслар ирқи, танасининг ранги, дини ёки эътиқоди, жинси, насл-насаби, мулкий аҳволи каби белгилар ёки бошқа шунга ўхшаш мезонлар сабабли, ҳеч бир камситишсиз, ҳар қандай шароитда инсоний муомаладан фойдаланиши зарур.

Шу мақсадда юқорида кўрсатилган шахсларга нисбатан қуйидаги ҳатти-ҳаракатлар тақиқланган ва ҳар доим, ҳамма жойда тақиқланади:

a)      ҳаётига ва жисмоний дахлсизлигига тажовуз қилиш, хусусан, ўлдиришнинг ҳар қандай турлари, жароҳат етказиш, шафқатсизларча муносабатда бўлиш, қийнаш ва азоблашлар;

b)      гаровга олиш;

c)      инсоний қадр-қимматига тажовуз қилиш, хусусан, таҳқирловчи ва камситувчи муносабатда бўлиш;

d)     маданиятли халқлар томонидан зарурий деб тан олинган судлов кафолатлари мавжуд бўлгани ҳолда, тегишли равишда таъсис этилган суд томонидан чиқарилган дастлабки суд қарорисиз ҳукм қилиш ва жазо бериш.

2. Ярадорлар ва беморлар йиғиб олинади ва уларга ёрдам кўрсатилади.

Беғараз инсонпарварлик ташкилоти, масалан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, низолашаётган томонларга ўз хизматини таклиф этиши мумкин.

Бундан ташқари, низолашаётган томонлар мазкур Конвенциянинг қолган жами қоидаларини ёки уларнинг бир қисмини махсус битимлар тузиш йўли билан кучга киритишга интиладилар.

Юқоридаги қоидаларнинг қўлланилиши низолашаётган томонларнинг юридик мақомига таъсир қилмайди.

4-модда

Бетараф Давлатлар низолашаётган томонлар қуролли кучларига мансуб бўлган ярадорлар ва беморларга, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимларга ва уларнинг ҳудудида қабул қилинган ёки интернирланган* шахсларга, шунингдек, йиғиб олинган ўликларга нисбатан мазкур Конвенция қоидаларини ўхшашлигига кўра қўллайдилар.

 

5-модда

Мазкур Конвенция душман қўлига тушиб қолган ҳомийлик остидаги шахсларга нисбатан уларни ўз ватанларига қайтариш тўлиқ тугаллангунига қадар қўлланилади.

 

6-модда

10, 15, 23, 28, 31, 36, 37 ва 52-моддаларда махсус кўзда тутилган битимлардан ташқари, Олий Аҳдлашувчи Томонлар алоҳида тартибга солиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган ҳар қандай масала бўйича бошқа махсус битимлар тузиши мумкин. Ҳеч қандай махсус битим ярадорлар ва беморлар, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимларнинг мазкур Конвенцияда белгилаб қўйилган мавқеига зиён етказмаслиги, уларнинг мазкур ҳужжатда кўзда тутилган ҳуқуқларини чекламаслиги шарт.

Ярадорлар ва беморлар, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимлар уларга нисбатан мазкур Конвенция қўлланилаётган вақт мобайнида ушбу ҳужжатларда кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланишда давом этадилар. Юқорида тилга олинган ёки кейин тузилган битимларга қарама-қарши мазмундаги шартларнинг махсус киритилиши ёхуд низолашаётган томонлардан бирининг уларга нисбатан қулайроқ бўлган тадбирларни қўллаш ҳолатлари бундан мустасно.

 

7-модда

Ярадорлар ва беморлар, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимлар мазкур Конвенция томонидан ҳамда олдинги моддада тилга олинган махсус битимлар (агар шундай битимлар бўлса) томонидан таъминланадиган ҳуқуқлардан қисман ёхуд тўлалигича воз кечишлари мутлақо мумкин эмас.

 

8-модда

Мазкур Конвенция низолашаётган томонлар манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган Ҳомий-Давлатларнинг ёрдами билан ва уларнинг назорати остида қўлланилади. Бунинг учун Ҳомий-Давлатлар ўзларининг дипломатик ва консуллик хизматлари ходимларидан ташқари, ўз фуқаролари ёхуд бошқа бетараф Давлатлар фуқаролари орасидан делегатлар тайинлашлари мумкин. Ушбу делегатлар тайинланиши учун улар ўз вазифаларини бажаришга киришадиган Давлатнинг розилиги олиниши керак.

Низолашаётган томонлар Ҳомий-Давлатлар вакиллари ёки делегатларининг ишини имкони борича енгиллаштирадилар.

Ҳомий-Давлатлар вакиллари ёки делегатлари мазкур Конвенцияда белгиланган ўз вазифалари доирасидан четга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Хусусан, улар ўз вазифаларини бажаришга киришган Давлат хавфсизлигининг ўта муҳим эҳтиёжларини эътиборга олишлари зарур. Фақат ўта муҳим ҳарбий талабларгина уларнинг фаолиятини вақтинча ва истисно тариқасида чеклаш ҳуқуқини беради.

 

9-модда

Мазкур Конвенция қоидалари Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёки бошқа ҳар қандай беғараз инсонпарварлик ташкилоти томонидан ярадорлар ва беморлар, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимларни ҳимоя қилишга ва уларга низолашаётган манфаатдор томонларнинг розилиги билан ёрдам кўрсатишга қаратилган инсонпарварлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлмайди.

 

10-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Конвенция томонидан Ҳомий-Давлатларга юкланаётган мажбуриятларнинг беғаразлик ва таъсирчанлигини тўлиқ кафолатловчи муайян ташкилотга топшириш борасида ҳар қандай пайтда ўзаро муросага келишлари мумкин.

Агар қайсидир сабабга кўра ярадорлар ва беморларга ёки санитария ходимлари ва диний ходимларга нисбатан муайян Ҳомий-Давлат ёки биринчи хатбошида кўзда тутилган ташкилотнинг фаолияти қўлланилмаётган ёхуд қўлланилиши тўхтатиб қўйилган бўлса, ҳимоядаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлат низолашаётган томонлар тайинлаган Ҳомий-Давлат мазкур Конвенцияга мувофиқ бажариши лозим бўлган вазифаларни ўз зиммасига олишини сўраб, бетараф Давлатга ёки шундай ташкилотга илтимос билан мурожаат қилиши лозим.

Агар ҳомийликни юқорида кўрсатилган тарзда амалга оширишнинг иложи бўлмаса, ҳимоядаги шахсларни ўз ҳукми остида сақлаётган Давлат муайян инсонпарварлик ташкилотига, масалан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига илтимос билан мурожаат қилиши ёхуд ушбу модда қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, бундай ташкилотнинг мазкур Конвенцияга мувофиқ Ҳомий-Давлатлар томонидан бажариладиган инсонпарварлик вазифаларини адо этишни ўз зиммасига олиши борасидаги таклифларини қабул қилиши керак.

Манфаатдор Давлат томонидан таклиф этилган ёки шу мақсадда ўзини тавсия этаётган ҳар қандай бетараф Давлат ёки ҳар қандай ташкилот мазкур Конвенция ҳимоясидан фойдаланувчи шахслар мансуб бўлган низолашаётган томонга нисбатан масъулиятни ҳис этган ҳолда ёндашиши, шунингдек, ўз зиммасига тегишли вазифаларни олишга ва уларни беғараз бажаришга қодирлиги тўғрисида етарлича кафолат бериши шарт.

Давлатлардан бирининг ҳарбий вазият сабабли, айниқса, мазкур Давлат ҳудудининг тўлалигича ёхуд катта қисми истило этилганлиги туфайли у бошқа бир Давлат ёки унинг иттифоқчилари билан эркин музокаралар ўтказиш имконияти ҳаттоки вақтинча чекланган бўлса, юқорида келтирилган қоидалар Давлатлар ўртасидаги махсус битимлар билан бузилиши мумкин эмас.

Мазкур Конвенцияда Ҳомий-Давлат эслатиб ўтилган ҳар бир ҳолатда бу ном ушбу моддага мувофиқ унинг вазифасини бажарувчи муайян ташкилотни ҳам билдиради.

 

11-модда

Ҳомий-Давлатлар ҳомийликдаги шахслар манфаати йўлида фойдали деб ҳисоблаган барча ҳолларда, хусусан, низолашаётган томонлар ўртасида мазкур Конвенция қоидаларини қўллаш ёки талқин қилиш борасида келишмовчиликлар юзага келганда, бундай келишмовчиликларга барҳам бериш мақсадида ўзларининг хайрли хизматларини кўрсатадилар.

Шу мақсадда Ҳомий Давлатларнинг ҳар бири томонлардан бирининг илтимосига кўра ёки шахсий ташаббуси билан низолашаётган томонларга уларнинг вакиллари, хусусан, зиммасига ярадорлар ва беморлар, шунингдек, санитария ходимлари ва диний ходимлар қисматига ғамхўрлик қилиш масъулияти юкланган маъмуриятлар иштирокида кенгаш ташкил қилишни таклиф этиши мумкин. Кенгаш тегишли тарзда танланган бетараф ҳудудда ўтказилиши мумкин. Низолашаётган томонлар бу борада ўзларига тушган таклифларга йўл очишлари шарт. Ҳомий Давлатлар, зарурат туғилса, бетараф Давлатга мансуб бўлган ёхуд Халқаро Қизил Хоч Қўмитасидан вакил қилинаётган ва ушбу кенгашда иштирок этиш учун таклиф қилинадиган шахсни маъқуллаш учун низолашаётган томонлар эътиборига тавсия этиши мумкин.

 

II  Б О Б

ЯРАДОРЛАР ВА БЕМОРЛАР

 

12-модда

Қуролли кучларнинг шахсий таркиби ва кейинги моддада кўрсатилган бошқа шахслар яраланган ёки касалликка чалинган бўлса, барча ҳолатларда ҳомийлик ва ҳимоядан фойдаланишлари керак.

Ярадорлар ва беморларни ўз ҳукми остида сақлаб турган низолашувчи томон жинси, ирқи, миллати, дини, сиёсий эътиқоди ва шунга ўхшаш бошқа жиҳатлар сабабли ҳеч бир камситишга йўл қўймасдан, уларга нисбатан инсоний муомала ва парвариш кўрсатилишини таъминлайди. Уларнинг ҳаёти ва шахсиятига нисбатан ҳар қандай тажовуз, хусусан, уларни ўлдириб юбориш, қирғин қилиш, қийноққа солиш, улар устида биологик тажрибалар ўтказиш, уларни атайлаб тиббий ёрдамсиз ва қаровсиз қолдириш ёки заҳарланишлари учун қасддан шароит яратиш қатъиян тақиқланади.

Навбат билан тиббий ёрдам кўрсатишда фақат шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожлик сабаблигина имтиёзли ёндошувга йўл қўйилади.

Аёлларга муносабатда уларнинг жинси нуқтаи назаридан зарур бўлган алоҳида эътибор кўрсатилади.

Ярадорлар ва беморларни душман ихтиёрига қолдириб кетишга мажбур бўлган низолашаётган томон, ҳарбий вазият имкон берган даражада, уларни парваришлашда кўмаклашиш учун ўз санитария ходимларининг муайян қисмини ва асбоб-анжомларни қолдиради.

13-модда

Мазкур Конвенция қуйидаги тоифаларга мансуб бўлган ярадорлар ва беморларга нисбатан қўлланилади:

1.                 Низолашаётган томон қуролли кучларининг шахсий таркиби, шунингдек, ушбу қуролли кучлар таркибига кирувчи ихтиёрий лашкарлар ва кўнгиллилар отрядларининг шахсий таркиби.

2.                 Низолашаётган томонга тегишли бўлган ўз ҳудудида, ҳатто бу ҳудуд истило этилган бўлса ҳам, ёки ундан ташқарида фаолият юритувчи бошқа ихтиёрий лашкарлар ва кўнгиллилар отрядларининг, шу жумладан, уюшган қаршилик кўрсатиш ҳаракатларининг шахсий таркиби. Бунда ушбу ихтиёрий лашкарлар ва кўнгиллилар отрядлари ҳамда уюшган қаршилик кўрсатиш ҳаракатлари қуйидаги талабларга жавоб бериши, яъни:

a)                 ўз қўл остидагилар учун масъулиятни зиммасига олган раҳбарга эга бўлиши;

b)                 аниқ ва узоқдан кўринадиган фарқловчи белгига эга бўлиши;

c)                 қурол-яроғларни очиқ олиб юриши;

d)                ўз ҳаттиаракатларида уруш қонунлари ва удумларига амал қилиши керак.

3.                 Ўзини асирликда сақлаб турган Давлат томонидан тан олинмаган ҳукумат ёки маъмурият ихтиёрида ҳисобловчи мунтазам қуролли кучларнинг шахсий таркиби.

4.                 Қуролли кучлар билан изма-из бораётган, лекин бевосита уларнинг таркибига кирмаган шахслар, масалан, ҳарбий самолётлар экипажи таркибидаги фуқаро шахслар, ҳарбий мухбирлар, таъминотчилар, шунингдек, қуролли кучларга маиший хизмат кўрсатувчи ишчи команда ёки хизматларнинг шахсий таркиби, агар улар бунинг учун ўзлари кузатиб бораётган қуролли кучлардан рухсат олган бўлсалар.

5.                 Низолашаётган томонларнинг савдо флоти кемалари экипажи аъзолари, жумладан, капитанлар, лоцманлар ва юнгалар ҳамда фуқаро авиацияси экипажи аъзолари, агар улар муайян халқаро ҳуқуқ қоидаларига кўра бошқа, нисбатан имтиёзлироқ имкониятлардан фойдаланмаётган бўлсалар.

6.                 Истило этилмаган ҳудудларда яшаб турган ва душманнинг яқинлашиб келиши муносабати билан бостириб келаётган армияга қарши курашиш учун уюшмаган тарзда қўлига қурол олган, лекин мунтазам қўшин тарзида шаклланишга улгурмаган аҳоли, агар улар қурол-яроғларни очиқ олиб юрсалар ҳамда уруш қонунлари ва удумларига амал қилсалар.

 

14-модда

12-модда қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, урушаётган томоннинг душман қўл остига ўтиб қолган ярадорлари ва беморлари ҳарбий асир ҳисобланади ҳамда уларга нисбатан ҳарбий асирларга тааллуқли халқаро ҳуқуқ нормалари қўлланилади.

 

15-модда

Ҳар қандай пайтда, ва айниқса жангдан кейин, низолашаётган томонлар тезкорлик билан ярадорлар ва беморларни излаб топиш ва олиб кетиш, уларни талон-тарождан ва ножўя муносабатлардан муҳофаза қилиш, уларга зарурий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, мурдаларни қидириб топиш ва уларнинг талон-тарож этилишига йўл қўймаслик учун имкониятларидаги барча чораларни кўрадилар.

Шарт-шароитлар имкон берган барча ҳолатларда вақтинчалик яраш аҳди тузиш ёки ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битимлар ёхуд жанг майдонида қолган ярадорларни олиб чиқиш, ташиб кетиш ҳамда уларни ўзаро айирбошлашга имкон бериш учун маҳаллий битимлар тузилади.

Худди шу тарзда низолашаётган томонлар ўртасида босиб олинган ёки қамал қилинган ҳудудлардан ярадорлар ва беморларни кўчириш, уларни ўзаро айирбошлаш, у ёққа бораётган санитария ходимлари ва диний ходимлар ҳамда уларга тегишли мол-мулкнинг ушбу ҳудудларга киритилишига рухсат бериш юзасидан маҳаллий битимлар тузилиши мумкин.

16-модда

Низолашаётган томонлар душман томоннинг ўз қўлларига тушган ярадорлари, беморлари ва ўликларининг шахсини аниқлашга ёрдам берувчи барча маълумотларни имкон туғилиши биланоқ қайд этиб боришлари зарур. Бу маълумотлар имкони борича қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

a)      ушбу шахс мансуб бўлган Давлатнинг номи;

b)      ҳарбий қисм ёки шахсий номери;

c)      фамилияси;

d)     исми ёки исмлари;

e)      туғилган санаси;

f)       унинг шахсий гувоҳномаси ёки танитувчи медальонидаги бошқа барча маълумотлар;

g)      асирга олинган ёки вафот этган санаси ва жойи;

h)      ярадор бўлиши, касалликка чалиниши ёки ўлими сабабларига доир маълумотлар.

Юқорида айтиб ўтилган маълумотлар имкон қадар тезлик билан ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг 122-моддасида кўзда тутилган Маълумотлар Бюросига хабар қилиниши керак. Бюро, ўз навбатида, Ҳомий-Давлатлар ва ҳарбий асирлар ишлари бўйича Марказий Агентлик орқали ушбу маълумотларни тегишли шахслар мансуб бўлган Давлатга етказади.

Низолашаётган томонлар ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни ёки вафот этганларнинг тегишли тартибда тасдиқланган рўйхатларини тайёрлашлари ва ушбу Бюро орқали бир-бирларига жўнатишлари зарур. Улар икки бўлакли танитувчи медальоннинг бир бўлагини, васиятномалар ва марҳумнинг оиласи учун аҳамиятга молик бўлган бошқа ҳужжатларни, пулларни, марҳумнинг ёнидан топилган ва объектив ёки субъектив жиҳатдан қимматга эга бўлган барча буюмларни тўплайдилар ҳамда ушбу Бюро орқали бир-бирларига етказадилар. Бу буюмлар, шунингдек, эгаси аниқланмаган буюмлар муҳрланган пакетларга солиб жўнатилади, бундай пакетларга буюм эгаси бўлган марҳумларнинг шахсини аниқлашда ёрдам берадиган барча маълумотлар жамланган баённомалар ва буюмларнинг тўлиқ рўйхати илова қилинади.

 

17-модда

Низолашаётган томонлар марҳумларни дафн этиш ёки ўтда куйдириш маросимлари, имконият бўлса, якка тартибда амалга оширилиши ва бундай маросимдан олдин ўлим ҳолатини қайд этиш, ўликнинг шахсини аниқлаш ҳамда бу хусусда ҳисобот тайёрлаш имконини берадиган жиддий текширув, агар иложи топилса, тиббий кўрик ўтказиш учун барча чораларни кўради. Икки бўлакли танитувчи медальоннинг бир бўлаги ёки танитувчи медальоннинг ўзи ўлик танасида қолдирилиши шарт.

Мурдалар санитария талаби тақозоси ёхуд марҳумнинг диний эътиқоди билан боғлиқ мулоҳазалардан келиб чиққан ҳоллардагина ўтда куйдирилади. Ўтда куйдириш ҳолларида бунинг сабаблари тўла тафсилотлари билан биргаликда ўлим ҳақидаги маълумотномада ёки вафот этганларнинг тегишли тартибда тасдиқланган рўйхатида қайд этилиши керак.

Бундан ташқари, низолашаётган томонлар ўликларнинг иззат-икром билан ва, агар иложи бўлса, улар мансуб бўлган дин удумларига биноан дафн этилишини, қабрларга иззатурмат кўрсатилишини, ўлганларнинг миллатидан келиб чиққан ҳолда, имкон даражасида, уларнинг қабрлари бир жойда бўлишини, қабрларга мунтазам қараб турилишини ҳамда зарур бўлганда уларни топишни осонлаштирадиган тегишли белгилар қўйилишини таъминлашлари шарт. Шу мақсадда улар ҳарбий ҳаракатларнинг бошланишидаёқ келгусида қабрларни очиш, қабристонлар қайси ҳудудда жойлашганлигидан қатъи назар, ўликларнинг шахсини аниқлаш ва ватанига жўнатиш имконини таъминлаш учун расмий қабристон хизматини ташкил этадилар. Бу қоидалар ўлганларнинг ватани томонидан бирор-бир хоиш-ирода изҳор этилгунига қадар қабристон хизмати ихтиёрида сақлаб туриладиган хоклар учун ҳам тааллуқлидир.

Мазкур хизматлар, шароит имкон берган заҳотиёқ ёки энг кечи билан ҳарбий ҳаракатлар тугагач, 16-модданинг иккинчи хатбошида кўрсатиб ўтилган Маълумотлар Бюроси орқали қабрларнинг аниқ жойлари ва белгилари, шунингдек, у ерларга дафн этилган ўликлар тўғрисида маълумотлар қайд этилган рўйхатларни ўзаро алмашадилар.

 

18-модда

Ҳарбий маъмурлар маҳаллий аҳолини инсонпарварликка даъват этишлари ҳамда ярадорлар ва беморларни ихтиёрий равишда олиб кетиб, ҳарбийларнинг назорати остида уларни парваришлашлари тўғрисида мурожаат қилишлари, бундай мурожаатларга амалда қўшилган  шахсларга эса тегишли ҳомийлик кўмаги кўрсатишлари ва имтиёзлар беришлари мумкин. Мабодо, рақиб томон мазкур ҳудудда ўз назоратини ўрнатса ёки уни қайтадан тикласа, у ҳам бундай шахсларга тегишли ҳомийлик кўмаги кўрсатиб, ўша имтиёзларни беради.

Ҳарбий маъмурлар ҳатто бостириб кириш ҳудудларида ёки босиб олинган ҳудудларда аҳоли ва хайрия жамиятларига ўз ташаббусига кўра ярадор ва беморларни фуқаролигидан қатъи назар олиб кетишлари ва парваришлашларига рухсат бериши керак. Тинч аҳоли бу бемор ва ярадорларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиши, хусусан, уларга нисбатан ҳеч қандай зўравонлик ҳаракатлари қилмаслиги лозим.

Ярадорлар ёки беморларни парваришлагани учун ҳеч ким таъқиб остига олинмаслиги ёки жазоланмаслиги керак.

Мазкур модда қоидалари босиб олувчи Давлатни санитария ва маънавий характердаги масалаларда ярадорлар ва беморларга нисбатан унинг зиммасига юкланган мажбуриятлардан озод қилмайди.

 

III  Б О Б

САНИТАРИЯ ТУЗИЛМАЛАРИ ВА МУАССАСАЛАРИ

 

19-модда

Тиббиёт хизматининг мунтазам санитария муассасалари ва кўчма санитария тузилмаларига ҳар қандай шароитда ҳам ҳужум қилинмаслиги керак, аммо улар ҳар доим низолашаётган томонларнинг ҳомийлиги ва ҳимоясидан фойдаланадилар. Улар қарши томоннинг қўлига тушиб қолсалар ҳам, қўлга олган Давлат ана шу муассаса ва тузилмалардаги ярадорлар ҳамда беморларни зарур даражада парваришлашни таъминлагунига қадар ўз фаолиятини давом эттиришлари мумкин.

Тегишли маъмурлар юқорида кўрсатилган санитария муассасалари ва тузилмалари ҳарбий объектларга ҳужумлар уюштирилган тақдирда имкони борича хавф-хатар остида қолмайдиган тарзда жойлаштирилиши ҳақида ғамхўрлик қиладилар.

 

20-модда

Денгиз қуролли кучлари таркибидаги ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахслар қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенцияси ҳомийлигида бўлган госпитал кемаларига қарата қуруқликдан ҳужум қилинмаслиги лозим.

 

21-модда

Тиббиёт хизматининг доимий муассасалари ва кўчма санитария тузилмаларининг ҳомийликдан фойдаланиш ҳуқуқи улар душманга қарши қаратилган ва ўзларининг инсонпарварлик вазифаларидан ташқарига чиқувчи ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланилган ҳоллардагина тўхтатиб қўйилиши мумкин. Бироқ ҳомийлик барча зарур ҳолларда оқилона муддатлар белгиланадиган тегишли огоҳлантириш берилиб, бу огоҳлантириш натижасиз қолгач, тўхтатилади.

 

22-модда

Қуйидагилар санитария тузилмалари ёки муассасаларини 19-модда билан таъминланган ҳомийликдан маҳрум этувчи ҳолатлар сифатида қаралмайди:

1)      агар санитария тузилмалари ёки муассасалари шахсий таркиби қуролланган бўлса ва бу қуролидан ўзини муҳофаза қилиш ёхуд ўз қарамоғидаги ярадорлар ва беморларни ҳимоя қилиш мақсадларида фойдаланса;

2)      агар санитария тузилмалари ёки муассасалари қуролли санитарлар бўлмаганлиги туфайли кичик соқчилар отряди, қоровуллар ёки қўриқчилар (конвойлар) томонидан қўриқланса;

3)      агар санитария тузилмалари ёки муассасаларида ярадорлар ва беморлардан олинган ва тегишли тартибда топшириб улгурилмаган қўлда олиб юрилувчи қуроллар ҳамда ўқ-дорилар топиб олинса;

4)      агар санитария тузилмалари ёки муассасаларида бу хизматнинг ажралмас қисми бўлмаган ветеринария хизматининг шахсий таркиби ва унинг мол-мулки бор бўлса;

5)      агар санитария тузилмалари ёки муассасалари ёхуд улар ходимларининг инсонпарварлик фаолияти фуқаро шахслардан иборат ярадорлар ва беморларни қамраб олса.

 

23-модда

Тинчлик даврида Олий Аҳдлашувчи Томонлар, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин эса низолашаётган томонлар ўз ҳудудларида, зарур бўлса, босиб олинган ҳудудларда санитария зоналари ва жойлари барпо этишлари мумкин. Бундай санитария зоналари ва жойлари ярадорлар ва беморларни, шунингдек, зиммасига бу ерда ишни ташкил қилиш ва бошқариш ҳамда ярадор ва беморларни парваришлаш вазифаси юклатилган ходимларни уруш ҳаракатларидан муҳофаза этадиган тарзда ташкил қилинади.

  Ҳарбий ҳаракатлар бошланишида ва унинг давомида манфаатдор томонлар ўзлари ташкил этган санитария зоналари ва жойларини ўзаро эътироф этиш тўғрисида битимлар тузиши мумкин. Улар бу мақсадда мазкур Конвенцияга илова қилинган битим лойиҳасида кўзда тутилган қоидаларни, бу қоидаларга ўзлари зарур деб ҳисоблаган ўзгартиришларни киритган ҳолда, қўллашлари мумкин.

Ҳомий-Давлатлар ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ушбу санитария зоналари ва жойларининг барпо этилишини осонлаштириш ва тан олиниши учун хайрли хизматлар кўрсатишга таклиф қилинади.

 

IV  Б О Б

ШАХСИЙ ТАРКИБ

 

24-модда

Санитария муассасалари ва тузилмалари маъмуриятигагина қарашли бўлган ҳамда фақат ярадорлар ва беморларни қидириб топиш ва йиғиб олиш, ташиш ёки даволаш, ёки касалликнинг олдини олиш билан шуғулланувчи санитария шахсий таркиби, шунингдек, қуролли кучларда хизмат қилувчи руҳонийлар ҳар қандай шароитда ҳурмат ва ҳомийликдан фойдаланадилар.

 

25-модда

Қуролли кучларнинг зарурият туғилган ҳолларда ярадорлар ва беморларни қидириб топиш, йиғиб олиш, ташиш ёки даволашда ёрдамчи санитарлар, санитаркалар ёки ташувчилар сифатида фойдаланиш учун махсус ўргатилган шахсий таркиби душман билан тўқнаш келган ёхуд унинг ҳукмига тушиб қолган пайтда ана шу вазифаларини бажараётган бўлса, улар ҳам худди шундай ҳурмат ва ҳомийликдан фойдаланадилар.

 

26-модда

24-моддада кўрсатиб ўтилган шахсий таркибга Қизил Хоч миллий Жамиятлари ва ўз ҳукуматлари томонидан тегишли тарзда эътироф этилган ҳамда ваколат олган бошқа кўнгилли ёрдам кўрсатувчи жамиятларнинг ўша моддада қайд этилган шахсий таркиб вазифаларини бажаришда фойдаланилаётган ходимлари тенглаштирилади. Бунинг учун мазкур жамиятларнинг шахсий таркиби ҳарбий қонунлар ва фармойишларга бўйсуниши лозим.

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқасига ўзининг қуролли кучлари қошидаги расмий санитария хизматларига кўмаклашиш учун ўз масъулияти остида ваколат берган тегишли жамиятларнинг номларини тинчлик даврида ёхуд ҳарбий ҳаракатларнинг бошланишида ёки давомида, бироқ ҳар қандай ҳолда ҳам, юқоридаги жамиятлар ўз фаолиятига киришмасларидан олдин маълум қилади.

 

27-модда

Бетараф мамлакатнинг эътироф этилган жамияти олдиндан ўз ҳукуматининг розилигини ҳамда низолашаётган томоннинг рухсатини олган тақдирдагина, ўзининг шахсий таркиби ва санитария тузилмалари орқали низолашаётган томонга ёрдам кўрсатиши мумкин. Мазкур шахсий таркиб ва санитария тузилмалари низолашаётган томоннинг назорати остига олинади.

Бетараф ҳукумат бундай розилик ҳақида шу ёрдамни қабул қилувчи Давлатнинг душмани бўлган томонга маълум қилади. Ёрдамни қабул қилувчи низолашаётган томон ушбу ёрдамдан фойдаланишга киришмасидан олдин, бу ҳақда душман томонни хабардор этишга мажбур.

Ушбу ёрдам ҳар қандай вазиятда ҳам низога аралашиш сифатида қаралмаслиги керак.

Биринчи хатбошида қайд этилган шахсий таркиб ўзи мансуб бўлган бетараф мамлакатни тарк этишидан олдин 40-моддада кўзда тутилган шахсий гувоҳномалар билан тегишли тартибда таъминланган бўлиши зарур.

 

28-модда

24 ва 26-моддаларда айтиб ўтилган ходимлар душман томоннинг ҳукми остига тушиб қолган тақдирда, улар санитария билан боғлиқ вазият, ҳарбий асирлар сони ва маънавий эҳтиёжи талаб қиладиган даражадагина ушлаб турилади.

Шу тақлидда ушлаб турилган ходимлар сирасига кирувчи шахслар ҳарбий асир ҳисобланмайди. Бироқ улар энг камида ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг барча имтиёзларидан фойдаланадилар. Улар ўзларини асирликда сақлаб турган Давлатнинг ҳарбий қонунлари ва фармойишлари доирасида ҳамда шу Давлатнинг ваколатли хизмати раҳбарлиги остида, шунингдек, касб одоби тақозосига кўра кўпроқ ўзлари мансуб бўлган қуролли кучлар таркибига тегишли ҳарбий асирларга ёрдам бериш учун ўзларининг тиббий ва маънавий вазифаларини бажаришда давом этадилар. Бундан ташқари, улар ўзларининг тиббий ва маънавий вазифаларини бажариш мақсадида қуйидаги имтиёзлардан фойдаланадилар:

a)                 уларга ишчи гуруҳлардаги (командалардаги) ёхуд лагерлардан ташқарида жойлашган госпиталлардаги ҳарбий асирларни вақт-вақти билан бориб кўриш учун рухсат этилади. Асирликда сақлаб турган Давлат ана шу мақсадлар учун уларнинг ихтиёрига тегишли транспорт воситаларини ажратади;

b)                 ҳар қайси лагерда унвони ва стажи юқори бўлган ҳарбий врач асирликда сақлаб турилган санитария ходимларининг касбий фаолиятига алоқадор барча масалалар бўйича лагернинг ҳарбий маъмурияти олдида масъул ҳисобланади. Шу мақсадда, низолашаётган томонлар ҳарбий ҳаракатларнинг бошиданоқ уларнинг санитария ходимлари, жумладан, 26-моддада қайд этилган жамиятлар ходимларининг унвонлари ўртасидаги нисбатлар бўйича ўзаро келишиб оладилар. Мазкур врач ва у билан тенгма-тенг равишда, руҳонийлар бевосита ўз вазифасига дахлдор барча масалалар юзасидан лагернинг ҳарбий ҳамда тиббий маъмурларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ўз навбатида, тегишли маъмурлар уларга ушбу масалалар бўйича ёзишмалар олиб боришлари учун шарт-шароитлар яратиб беради;

c)                 гарчи тутиб турилган ходимлар ўзлари жойлашган лагернинг ички тартиб-интизомига бўйсунсалар ҳам, уларни ўзларининг тиббий ва диний вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажаришга мажбур этиш мумкин эмас.

Ҳарбий ҳаракатлар вақтида низолашаётган томонлар ушлаб турилган ходимларни алмаштириш имкониятлари масаласини ўзаро келишиб оладилар ва бундай алмаштиришнинг тартиб-қоидаларини белгилайдилар.

Юқорида қайд этилган қоидаларнинг биронтаси асирликда сақлаб турган Давлатни ҳарбий асирларнинг тиббий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш борасида зиммасига юкланган мажбуриятларидан халос этмайди.

 

29-модда

25-моддада қайд этилган ходимлар таркибига кирувчи шахслар душман ҳукми остига тушиб қолган тақдирда, ҳарбий асир ҳисобланадилар, аммо бунга зарурият бўлиши сабабли улардан санитарлик вазифасини бажаришда фойдаланилади.

 

30-модда

28-модда қоидалари нуқтаи назаридан тутиб турилиши зарур бўлмаган хизматлар ходимлари, уларни қайтариш учун йўл очилиши биланоқ ва ҳарбий вазият бунга имкон берган дамдаёқ, ўзлари тегишли бўлган низолашаётган томон ихтиёрига қайтарилади.

Мазкур шахслар ўзларининг ортга қайтишларини кутиб турган пайтда ҳарбий асир ҳисобланмайдилар, бироқ улар ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августдаги Женева Конвенциясининг барча қоидаларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланадилар. Улар қарши томон раҳбарлиги остида ўзларининг вазифаларини бажаришда давом этадилар ва асосан ўзлари мансуб бўлган низолашаётган томоннинг ярадорлари ва беморларини парваришлаш учун жалб этиладилар.

Жўнаб кетаётганда улар ўзларига тегишли бўлган ашёларни, шахсий буюмларни, қимматбаҳо нарсалар ва асбоб-анжомларни ўзлари билан бирга олиб кетадилар.

 

31-модда

30-моддага мувофиқ қайтарилиши лозим бўлган ходимларни саралаш жараёни ирқи, дини ёки сиёсий эътиқоди билан боғлиқ бўлган ҳар қандай фикр-мулоҳазалардан холи равишда, асосан, уларнинг тутиб турилганлик муддати ва соғлиғини эътиборга олган ҳолда амалга оширилиши зарур.

 Ҳарбий ҳаракатларнинг бошланишидаёқ низолашаётган томонлар махсус келишув йўли билан тутиб турилиши лозим бўлган ходимларнинг фоиз нисбатини ўзаро белгилаб оладилар. Бунда ҳарбий асирларнинг сони ва уларнинг лагерларга тақсимланишидан келиб чиқилади.

 

32-модда

27-моддада кўрсатилган шахслар қарши томон қўлига тушиб қолган тақдирда, ушлаб қолинишлари мумкин эмас.

Қайтаришга қарши мазмундаги битимлар мавжуд бўлмаса, қайтариш учун йўл очилиши биланоқ ва ҳарбий вазият бунга имкон берган дамдаёқ, уларнинг ўз мамлакатларига, агар бунинг иложи бўлмаса, ўзлари хизмат юзасидан мансуб бўлган низолашаётган томон ҳудудига қайтиб боришлари учун рухсат берилади.

Ўзларининг ортга қайтарилишларини кутиб турган пайтда улар қарши томон раҳбарлиги остида ўз вазифаларини бажаришда давом этадилар; улар асосан ўзлари хизмат юзасидан мансуб бўлган низолашаётган томоннинг ярадорлари ва беморларини парваришлаш учун жалб этиладилар.

Жўнаб кетаётганда улар ўзларига тегишли бўлган ашёларни, шахсий буюмлар ва қимматбаҳо нарсаларни, асбоб-анжомларни, қурол-яроғ ва, имконият бўлса, ўзларига тегишли ҳаракат воситаларини ўзлари билан бирга олиб кетадилар.

Низолашаётган томонлар ушбу ходимлар ўз ҳукмлари остида бўлган даврда, уларни ўзларининг қуролли кучларидаги тегишли ходимларга белгиланган таъминот, яшаш шароити, нафақа ва маош билан бир хилда таъминлайдилар. Берилаётган овқатнинг миқдори, сифати ва хилма-хиллиги, ҳар ҳолда, мазкур ходимлар соғлиғини яхши ҳолатда сақлаш учун етарли бўлиши керак.

 

V  Б О Б

БИНОЛАР ВА МОЛ-МУЛК

 

33-модда

Қуролли кучларнинг кўчма санитария тузилмаларига тегишли мол-мулк душман қўлига тушган тақдирда, ярадорлар ва беморларни парваришлаш учун қолдирилади.

Қуролли кучларнинг мунтазам санитария муассасаларига тегишли бинолар, мол-мулк ва омборхоналар уруш қонунларининг таъсир доирасида қолади, бироқ ярадорлар ва беморлар учун зарур бўлиб турган вақт давомида улардан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас. Аммо ҳаракатдаги армия қисмларининг командирлари ўта долзарб ҳарбий зарурат тақозосидан келиб чиқиб, бу ерда даволанаётган ярадорлар ва беморлар шароитини олдиндан таъминлаган ҳолда улардан муайян мақсадда фойдаланишлари мумкин.

Мазкур моддада кўрсатилган мол-мулк ва омборхоналар атайлаб яксон қилиниши мумкин эмас.

 

34-модда

Ёрдам жамиятларининг Конвенция томонидан белгиланган имтиёзлар татбиқ этиладиган кўчар ва кўчмас мол-мулкларига хусусий мулк сифатида қаралади.

Уруш қилаётган томонларнинг уруш қонунлари ва удумларида эътироф этилган реквизиция1 ҳуқуқи ўта муҳим зарурат тақозосидан келиб чиқиб, ярадорлар ва беморлар қисмати таъминланганидан сўнг, амалга оширилади.

 

VI  Б О Б

САНИТАРИЯ ТРАНСПОРТЛАРИ

 

35-модда

Ярадорлар ва беморлар ёки санитария мол-мулки ортилган транспортлар кўчма санитария тузилмалари учун кўзда тутилган асослар бўйича ҳомийлик ва ҳимоядан фойдаланадилар.

Бу транспортлар ва ташиш воситалари душман қўлига тушиб қолса, уларни қўлга туширган низолашаётган томон ҳар қандай вазиятда ҳам улардаги ярадорлар ва беморларга ғамхўрлик кўрсатилиши шарти билан, уруш қонунларининг таъсир доирасида бўлади.

Фуқаролар шахсий таркиби ва реквизиция йўли билан қўлга киритилган барча транспорт воситалари халқаро ҳуқуқнинг умумий қоидаларига бўйсунадилар.

 

36-модда

Санитария учиш аппаратларига, яъни фақат ярадорлар ва беморларни хавфсиз жойга кўчириш учун ҳамда санитарлар ва шахсий таркибни, уларнинг мулкини ташиш учун фойдаланиладиган аппаратларга ҳужум қилинмайди, аммо улар манфаатдор урушаётган томонлар ўртасида тузилган битимда махсус кўзда тутилган муайян вақт, баландлик ва йўналиш бўйича учсагина урушаётган томонлар уларни ҳурмат қилиши лозим.

Улар остки қисми, усти ва ён томонларида миллий ранглар билан биргаликда, 38-моддада кўзда тутилган ва аниқ кўзга ташланадиган фарқловчи белгига эга бўладилар. Улар ҳарбий ҳаракатлар бошида ёки давомида урушаётган томонлар ўртасида ўзаро келишув бўйича ўрнатилган бошқа ҳар қандай сигнал мосламаси ёки танитувчи белгиларга эга бўлиши ҳам мумкин.

Қарама-қарши мазмундаги келишув мавжуд бўлмаса, душман ҳудуди ёки у эгаллаб турган ҳудуд устидан учиш тақиқланади.

Санитария учиш аппаратлари ерга қўниш тўғрисидаги ҳар қандай талабга бўйсунишлари шарт. Учиш аппарати талабга биноан ерга қўндирилган ҳолларда, муайян текширувдан сўнг у йўловчилари билан ўз парвозини давом эттириши мумкин.

Душман ҳудуди ёки душман томонидан эгалланган ҳудудда қўнишга мажбур бўлинган ҳолда ярадорлар ва беморлар, шунингдек, учиш аппаратининг экипажи ҳарбий асирларга айланадилар. Санитария хизмати ходимларига нисбатан 24-модда ва ундан кейинги моддаларга мувофиқ ҳолда муомала қилинади.

 

37-модда

Низолашаётган томонларнинг санитария учиш аппаратлари мазкур модданинг иккинчи хатбошида баён этилган шартларга амал қилинганда, бетараф Давлатлар ҳудуди устидан учиши ва у ерга зарурият туғилганда ёки оралиқ тўхташ жойи сифатида қўниши мумкин. Улар бетараф Давлатларни уларнинг ҳудуди устидан учиб ўтишлари ҳақида олдиндан хабардор қилишлари ҳамда ерга ёки сувга қўниш тўғрисидаги ҳар қандай талабга бўйсунишлари шарт. Улар низолашаётган томонлар ва манфаатдор бетараф Давлатлар ўртасида тузилган битимда махсус кўзда тутилган муайян йўналиш, баландлик ва вақт бўйича учсагина ҳужумдан холи бўладилар.

Лекин бетараф Давлатлар санитария учиш аппаратларининг ўз ҳудудлари устидан учиши ёки у ерга қўнишига нисбатан шартлар ёхуд чеклашлар белгилашлари мумкин. Белгиланиши мумкин бўлган бундай шартлар ёхуд чеклашлар низолашаётган барча томонлар учун бир хил қўлланилади.

Агар бетараф Давлат билан низолашаётган томонлар ўртасида бошқача мазмундаги келишув мавжуд бўлмаса, маҳаллий маъмурларнинг розилиги асосида санитария учиш аппаратидан бетараф ҳудудга туширилган ярадорлар ва беморлар бетараф Давлат томонидан шундай тартибда сақлаб турилиши керакки, токи улар халқаро ҳуқуқ талаб этган ҳолларда ҳарбий ҳаракатларда қайтадан иштирок эта олмасинлар. Мазкур ярадорлар ва беморлар мансуб бўлган Давлат уларни госпиталларга жойлаштириш ҳамда интернирлаш билан боғлиқ сарф-харажатларни ўз зиммасига олади.

 

 

VII  Б О Б

 

ФАРҚЛОВЧИ ЭМБЛЕМА

 

38-модда

Швейцарияга ҳурмат билдириш маъносида, федерал рангларни тескари жойлаштириш йўли билан ҳосил қилинган оқ рангли асосга туширилган қизил хочнинг геральдика мазмунидаги белгиси армиялар санитар хизматлари эмблемаси ва фарқловчи белгиси сифатида сақланиб қолади.

Аммо ҳозир оқ рангли асосдаги қизил хоч ўрнига қизил ярим ой ёки қизил шер ва қуёш тасвирини ишлатаётган мамлакатларга нисбатан, ушбу эмблемалар тенг асосларда мазкур Конвенция мазмунида эътироф этилади.

 

39-модда

Ваколатли ҳарбий маъмурларнинг назорати остида санитария хизматига алоқадор байроқларга, енг боғичларига ва уларга тегишли барча буюмларга эмблема тасвири туширилади.

 

40-модда

24, 26 ва 27-моддаларда қайд этилган шахсий таркиб чап енгида намликдан яроқсиз ҳолга келмайдиган фарқловчи белгига эга бўлган ва ҳарбий маъмурлар томонидан бериладиган ва муҳрланадиган боғич тақиб юради.

Ушбу шахсий таркиб 16-моддада кўрсатилган танитувчи медальонга қўшимча сифатида фарқловчи белги билан жиҳозланган, махсус шахсий гувоҳномага ҳам эга бўлади. Бу гувоҳнома намликдан яроқсиз ҳолга келмайдиган ва чўнтакка сиғадиган ўлчамда бўлмоғи керак. У тегишли давлатнинг тилида тўлдирилган бўлиши, унда камида ҳужжат эгасининг исми, фамилияси, туғилган санаси, унвони ва ҳарбий номери, бундан ташқари, мазкур Конвенция ҳомийлигидан ким сифатида фойдаланиш ҳуқуқига эга экани ҳақидаги маълумотлар қайд этилиши керак. Гувоҳномада унинг эгасининг расми, шунингдек, имзоси ва бармоқ изи ёхуд ҳар иккиси бўлиши зарур. Унда ҳарбий маъмурларнинг аниқ билиниб турадиган муҳри бўлиши шарт.

Шахсий гувоҳномалар ҳар бир армияда бир хил андазада ҳамда, имкон қадар, барча Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг қуролли кучларида бир хилда бўлиши керак. Низолашаётган томонлар мисол сифатида мазкур Конвенцияга илова қилинган гувоҳнома намунасига асосланишлари мумкин. Ҳарбий ҳаракатлар бошланишида улар бир-бирларини ўзлари қабул қилган намуна тўғрисида хабардор қиладилар. Ҳар бир гувоҳнома, иложи бўлса, камида икки нусхада тайёрланиши керак ва улардан бири ушбу шахс тегишли бўлган Давлат ихтиёрида сақланади.

Юқорида кўрсатилган шахсий таркиб ўз фарқловчи белгиларидан ёки гувоҳномасидан ва қўлида боғич боғлаб юриш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Улар йўқотиб қўйилган тақдирда, йўқотган шахс гувоҳнома ва фарқловчи белгиларнинг дубликатларини олиш ҳуқуқига эга.

 

41-модда

25-моддада кўрсатиб ўтилган ходимлар ўзларининг санитарлик вазифаларини бажараётган пайтдагина енгларида ўрта қисмида кичик фарқловчи белги тасвири туширилган оқ рангли боғичлар тақиб юрадилар. Бу боғич ҳарбий маъмурлар томонидан берилиши ҳамда улар томонидан муҳрланган бўлиши шарт.

Ушбу ходимларнинг ҳарбий гувоҳномаларида гувоҳнома эгасининг санитария тайёргарлиги, бу вазифанинг вақтинча аҳамият касб этиши, шунингдек, унинг боғич тақиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган бўлиши керак.

 

42-модда

Конвенциянинг фарқловчи байроғи фақатгина унинг ҳомийлиги таъминланадиган санитария тузилмалари ва муассасалари тепасида ҳарбий маъмурларнинг розилиги билангина осиб қўйилиши мумкин.

Кўчма тузилмаларда, мунтазам муассасаларда бўлгани каби, у билан ёнма-ён ушбу тузилма ёки муассаса тегишли бўлган низолашаётган томоннинг миллий байроғи ҳам осиб қўйилиши мумкин.

Аммо душман ҳукми остига тушиб қолган санитария тузилмалари фақат Конвенция байроғини осиб қўядилар.

Низолашаётган томонлар ҳар қандай тажовузкорона ҳаракатлар эҳтимолининг олдини олиш мақсадида санитария тузилмалари ва муассасаларини белгилаб турадиган фарқловчи эмблемалар душманнинг қуруқликдаги, ҳаводаги ва денгиздаги кучларига аниқ кўриниб туриши учун ҳарбий талаблар имкон берган даражада зарурий чораларни кўрадилар.

 

43-модда

27-моддада кўзда тутилган шартлар асосида низолашаётган томонлардан бирига хизмат кўрсатиш учун рухсат берилган бетараф мамлакат санитария тузилмалари Конвенция байроғи билан ана шу низолашаётган томоннинг, агар у 42-моддада қайд этилган ҳуқуқлардан фойдаланса, миллий байроғини ҳам осиб қўйиши керак.

Тегишли ҳарбий маъмурларнинг тескари мазмундаги буйруғи мавжуд бўлган ҳоллардан ташқари барча ҳолатларда, улар ҳатто душман томон ҳукми остига тушиб қолсалар ҳам, ўз миллий байроқларини осиб қўйиши мумкин.

 

44-модда

Ушбу модданинг охирги учта хатбошида қайд этилган ҳолатлардан ташқари барча ҳолларда оқ рангли асосдаги қизил хоч эмблемаси ва “Қизил Хоч” ёки “Женева Хочи” сўзларидан тинчлик вақтида ҳам, уруш вақтида ҳам мазкур Конвенция ёки худди шу мазмундаги масалаларга дахлдор бошқа конвенциялар ҳимоясида бўлган санитария тузилмалари ва муассасалари, ходимлар ва моддий қисмларни муҳофаза қилиш ёхуд белгилашдан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас. Худди шу ҳолат 38-модданинг иккинчи хатбошида қайд этилган эмблемалар ва улардан фойдаланувчи мамлакатларга ҳам тегишлидир. 26-моддада кўрсатилган Қизил Хоч миллий жамиятлари ва бошқа жамиятлар Конвенция ҳомийлигини берадиган фарқловчи эмблемалардан фақат ушбу хатбошидаги қоида доирасидагина фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Бундан ташқари, Қизил Хоч (Қизил Ярим ой, Қизил Шер ва Қуёш) миллий жамиятлари тинчлик вақтида ўз миллий қонунчилигига мувофиқ Қизил Хоч халқаро конференцияларида қайд этилган тамойилларга мос бошқа турдаги фаолиятларида ҳам Қизил Хоч номи ва эмблемасидан фойдаланиши мумкин. Ана шу бошқа фаолият турлари уруш вақтида амалга оширилаётганда, эмблемалардан фойдаланиш шароитлари шундай бўлмоғи керакки, унинг мақсади Конвенция ҳомийлигини таъминлаш эканлигини тахмин қилиш мумкин бўлмасин; эмблеманинг ўлчами кичикроқ бўлиши ва у енг боғичларида ҳамда биноларнинг томида фойдаланилмаслиги керак.

Қизил Хочнинг халқаро органларига ва уларнинг тегишли тартибда вакил қилинган ходимларига оқ рангли асосдаги қизил хоч белгисидан ҳар доим фойдаланиш учун рухсат берилади.

Истисно тариқасида, миллий қонунларга мувофиқ ва Қизил Хоч (Қизил Ярим ой, Қизил Шер ва Қуёш) миллий жамиятларидан бирининг махсус рухсати билан, Конвенция эмблемаси тинчлик вақтида санитария транспорти сифатида ишлатиладиган ташиш воситаларини ҳамда ярадорлар ва беморларга фақат бепул ёрдам кўрсатадиган кўмак пунктлари жойлашган ерларни белгилаш учун қўлланилиши мумкин.

 

VIII  Б О Б

КОНВЕНЦИЯНИНГ БАЖАРИЛИШИ

 

45-модда

Низолашаётган томонларнинг ҳар бири ўзининг бош қўмондони орқали юқоридаги моддаларнинг бажарилиш тафсилотлари, худди шунингдек, мазкур Конвенциянинг умумий тамойилларидан келиб чиқиб, кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳақида ҳам қайғуриши лозим бўлади.

 

46-модда

Конвенция ҳимояси остида бўлган ярадорлар ва беморлар  шахсий таркиб, бинолар ва мол-мулкка нисбатан жазо чоралари қўллаш тақиқланади.

 

47-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам мазкур Конвенция матнини ўз мамлакатларида имкон қадар кенгроқ тарқатиш ва, хусусан, уни ўрганиш учун ҳарбий, мумкин бўлса, фуқаровий таълим соҳасининг ўқув дастурларига киритиш мажбуриятини зиммаларига оладилар, токи унинг тамойилларидан бутун аҳоли, шу жумладан, уруш олиб бораётган қуролли кучлар, санитария ходимлари ва руҳонийлар хабардор бўлсин.

 

48-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар Швейцария Федерал Кенгаши орқали, ҳарбий ҳаракатлар вақтида эса Ҳомий-Давлатлар орқали мазкур Конвенция таржималарининг расмий матнларини, шунингдек, унинг қўлланилишини таъминлаш мақсадида улар қабул қилишлари мумкин бўлган қонунлар ва қарорларни бир-бирларига етказадилар.

 

IX  Б О Б

СУИИСТЕЪМОЛЧИЛИКЛАР ВА

БУЗИЛИШЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

 

49-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўз зиммаларига мазкур Конвенция қоидаларининг кейинги моддада кўрсатилган у ёки бу жиддий бузилишини содир этган ёки содир этишга буйруқ берган шахсларга самарали жиноий жазони таъминлаш учун зарур бўлган қонунчиликни кучга киритиш мажбуриятини оладилар.

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири қоидаларнинг қуйида тилга олинадиган у ёки бу жиддий бузилишини содир этганликда ёхуд содир этишга буйруқ берганликда айбланаётган шахсларни қидириб топиш ва қайси мамлакат фуқароси эканлигидан қатъи назар, уларни ўз судига топширишни зиммасига олади. Тегишли томон, агар хоҳласа, суд қилиш учун уларни ўз қонунчилигига мувофиқ бошқа манфаатдор Олий Аҳдлашувчи Томон ихтиёрига бериши ҳам мумкин. Бунинг учун ушбу  Аҳдлашувчи Томон ана шу шахсларни айблаш учун асос бўла оладиган далилларга эга бўлиши керак.

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири кейинги моддада айтиб ўтилган жиддий қоидабузарликлардан ташқари, мазкур Конвенция қоидаларига зид бўлган бошқа ҳар қандай ҳаттиаракатларга барҳам бериш учун зарур чораларни кўради.

Барча ҳолатларда айбланувчи шахслар тегишли суд процедураси ва ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатларидан фойдаланадилар. Бу кафолатларнинг ёрдами ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисида 1949 йил 12 августда қабул қилинган Женева Конвенциясининг 105-моддасида ва ундан кейинги моддаларда кўзда тутилган кафолатларникидан кам бўлмаслиги керак.

 

50-модда

Олдинги моддада қайд этилган жиддий қоидабузарликлар қаторига мазкур Конвенция ҳомийлигидан фойдаланаётган шахслар ёки мол-мулкка қарши қаратилган ва қуйидаги ҳаракатларнинг бири билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик ҳаракатлари киради: қасддан одам ўлдириш, қийноққа солиш ва ғайриинсоний муносабатда бўлиш, шу жумладан, биологик тажрибалар ўтказиш, атайлаб оғир азоблаш ёки жиддий шикаст етказиш, соғлиққа зиён келтириш, ҳарбий зарурият тақозо қилмаган ҳолда мол-мулкни ноқонунийлик ва ўзбошимчалик билан кенг кўламда вайрон этиш ёки эгаллаб олиш.

 

51-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳеч бирига ўзини ёки бошқа Олий Аҳдлашувчи Томонни юқоридаги моддада кўзда тутилган қоидабузарликлар сабабли ўзига ёки бошқа Аҳдлашувчи Томонга юкланадиган жавобгарликдан халос этиш учун рухсат берилмайди.

 

52-модда

Низолашаётган томонлардан бирининг илтимосига биноан, Конвенция қоидаларининг бузилиши ҳақидаги ҳар қандай айблов юзасидан манфаатдор томонлар ўртасида белгиланган процедура тартибида текширув бошланиши лозим.

Текширув процедураси ҳақидаги масала бўйича келишувга эришилмаган тақдирда, томонлар ўзаро келишган ҳолда арбитр танлайдилар ва арбитр процедура масаласини ҳал этади.

Қоидабузарлик аниқланиши биланоқ низолашаётган томонлар унга барҳам берадилар ва имкон қадар қисқа фурсатда айбдорни жазолаш чораларини кўрадилар.

 

53-модда

Хусусий шахслар, хусусий ёки умумий мулкчилик асосидаги жамиятлар,  фирмалар ва компанияларнинг “Қизил Хоч” ёки “Женева Хочи” номлари, ёхуд эмблемалари, ёки уларга тақлид тарзидаги бошқа ҳар қандай белги ва номларни қўллаши, қайси мақсадда ва қачондан бошлаб фойдаланаётганидан қатъи назар, ҳар қандай пайтда тақиқланади. Мазкур Конвенцияга кўра ушбу эмблема ва номлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлганлар бундан мустасно.

Швейцарияга унинг тескари тартибда жойлаштирилган федерал ранглари белги этиб қабул қилинганлиги учун кўрсатилган ҳурмат муносабати билан ҳамда Швейцария герби билан Конвенциянинг танитувчи белгисини аралаштириб юбормаслик учун хусусий шахсларга, жамиятлар ёки фирмаларга Швейцария Конфедерацияси гербидан, худди шунингдек, ушбу гербга тақлидан ясалган белгидан фабрика ёки маҳсулот белгиси, ёхуд бу белгиларнинг таркибий қисмлари сифатида тижорат ҳалоллигига зид мақсадларда, шунингдек, швейцарияликларнинг миллий туйғусига тегиб кетадиган шароитларда фойдаланиш ҳар қандай пайтда тақиқланади.

Шунга қарамасдан, 1929 йил 27 июлдаги Женева Конвенцияси иштирокчилари бўлмаган Олий Аҳдлашувчи Томонлар биринчи хатбошида кўрсатилган эмблемалар, номлар ёки маркаларни аввалдан қўллаб келганларга, улардан фойдаланишни тўхтатишлари учун, мазкур Конвенция кучга кирган вақтдан эътиборан кўпи билан уч йиллик муддат беришлари мумкин. Шу билан бирга, белгиланган муддат давомида бу эмблемалардан фойдаланилиш шундай бўлиши керакки, улардан фойдаланиш уруш вақтида Конвенция ҳомийлигиҳберилишигаҳмўлжалланган, деган фикр ҳосил бўлмасин.

Мазкур модданинг биринчи хатбошида белгиланган тақиқлар 38-модданинг иккинчи хатбошида кўзда тутилган эмблемалар ва номларга (улардан илгари фойдаланганлик сабабли орттирилган бирор уқуқларга таъсир этмаган олда) нисбатан  бир хилда татбиқ этилади.

 

54-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонлар, агар ўзларининг амалдаги қонунчилиги етарли бўлмаса, 53-моддада кўрсатиб ўтилган қоидабузарликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш учун ҳамма вақт зарур чораларни кўрадилар.

 

 

ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

 

55-модда

Мазкур Конвенция француз ва инглиз тилларида тайёрланган. Ҳар икки тилдаги матн бир хил кучга эга.

Швейцария Федерал Кенгаши Конвенциянинг рус ва испан тилларига расмий таржималарини таъминлайди.

 

56-модда

Мазкур сана қўйилган ушбу Конвенция 1949 йил 21 апрелда Женевада очилган конференцияга вакил юборган барча Давлатлар, шунингдек, ушбу конференцияга вакил юбормаган бўлса-да, лекин ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисидаги 1864, 1906 ёки 1929 йиллардаги Женева Конвенцияларида иштирок этган Давлатлар томонидан 1950 йилнинг 12 февралигача имзоланиши мумкин.

 

57-модда

Мазкур Конвенция имкон қадар тезроқ ратификация қилинади ва ратификация ёрлиқлари сақлаш учун Бернга топширилади.

 Ҳар бир ратификация ёрлиғини топшириш ҳақида протокол тузилади ва унинг тасдиқланган нусхаси Конвенцияни имзолаган ёки унга қўшилиш тўғрисида баёнот берган барча Давлатларга Швейцария Федерал Кенгаши томонидан топширилади.

 

58-модда

Мазкур Конвенция камида иккита ратификация ёрлиғи сақлаш учун топширилгандан сўнг олти ой ўтгач кучга киради.

Бундан кейин у ҳар қайси Олий Аҳдлашувчи Томон учун мазкур томоннинг ратификация ёрлиғи сақлашга топширилганидан сўнг олти ой ўтгач кучга кириб боради.

 

59-модда

Мазкур Конвенция Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги муносабатларда 1864 йил 22 августдаги, 1906 йил 6 июлдаги ва 1929 йил 27 июлдаги Конвенцияларнинг ўрнига ўтади.

 

60-модда

Мазкур Конвенция кучга кирган кунидан эътиборан ушбу Конвенцияни имзоламаган ҳар қандай давлатнинг унга қўшилиши учун очиқ бўлади.

 

61-модда

Ҳар бир қўшилиш тўғрисида Швейцария Федерал Кенгашига ёзма равишда баёнот берилади ва ушбу баёнот олинган кунидан бошлаб олти ой вақт ўтгач кучга киради.

Швейцария Федерал Кенгаши Конвенцияни имзолаган ёки унга қўшилиш тўғрисида баёнот берган барча давлатларни қўшилганлик тўғрисида хабардор қилади.

 

62-модда

2 ва 3-моддаларда кўзда тутилган ҳолатлар ратификацияларнинг сақлашга топширилиши, шунингдек, низолашаётган томонлар ҳарбий ҳаракатлардан ёки истилодан олдин ёхуд кейин қўшилиш тўғрисида баёнот бериши билан дарҳол кучга киритилади. Швейцария Федерал Кенгаши ратификациялар ёки низолашаётган томонлардан қўшилиш ҳақида олинган баёнотлар тўғрисида энг тезкор йўллар билан хабар етказади.

 

63-модда

Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири мазкур Конвенцияни денонсация қилиш имкониятига эга бўлади.

Швейцария Федерал Кенгашига денонсация қилиш тўғрисида ёзма равишда баёнот берилади ва у денонсация тўғрисида барча Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳукуматларини хабардор қилади.

Денонсация Швейцария Федерал Кенгашига бу ҳақда ёзма баёнот берилганидан сўнг бир йил ўтгач кучга киради. Шу билан бирга, тегишли Давлат можарода иштирок этган вақтда денонсация тўғрисида баёнот берган бўлса, у тинчлик битимига келишилмагунча ва, ҳар ҳолда, мазкур Конвенция ҳомийлигидан фойдаланаётган шахсларни озод этиш ва ўз ватанларига қайтариш бўйича ишлар тугалланмагунча, кучга кирмаслиги керак.

Денонсация бу ҳақда баёнот берган Давлатга нисбатангина кучга эгадир. У низолашаётган томонлар зиммасига халқаро ҳуқуқ тамойилларидан келиб чиқиб юкланадиган мажбуриятларга ҳеч қандай таъсир этмайди, чунки бу мажбуриятлар маданиятли халқлар ўртасида қарор топган удумлар, инсонийлик қонун-қоидалари ва жамоатчилик виждон амридан келиб чиқади.

 

64-модда

Швейцария Федерал Кенгаши мазкур Конвенцияни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти котибиятида рўйхатдан ўтказади. Швейцария Федерал Кенгаши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти котибиятига ушбу Конвенция юзасидан олинган барча ратификациялар, қўшилишлар ва денонсация қилишлар тўғрисида хабар бериб боради.

Ушбуни тасдиқлаш учун қуйида имзо чекувчилар тегишли ваколатларни тақдим этган ҳолда мазкур Конвенцияни имзоладилар.

Женевада 1949 йил 12 августда француз ва инглиз тилларида тузилди; мазкур Конвенциянинг асл нусхаси Швейцария Конфедерацияси архивларида сақланади, Конвенциянинг тасдиқланган нусхалари эса Швейцария Федерал Кенгаши томонидан уни имзолаган ёки унга қўшилган ҳар бир Давлатга топширилади.

 

I   И Л О В А

 

САНИТАРИЯ ЗОНАЛАРИ ВА ҲУДУДЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ

БИТИМ ЛОЙИҲАСИ

 

1-модда

Санитар зоналар фақат ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида 1949 йил 12 августда қабул қилинган Женева Конвенциясининг 23-моддасида қайд этилган шахслар, шунингдек, зиммасига ушбу зоналар ва ҳудудларни ташкил қилиш, уларни бошқариш ва у ерда жойлаштирилган шахсларни парвариш қилиш масъулияти юкланган ходимлар учунгина мўлжалланади.

Аммо бундай зоналар ҳудудида доимий истиқомат қилувчи шахслар бу зоналарда қолиш ҳуқуқига эга бўладилар.

2-модда

Ҳеч бир шахс, у санитария зоналаридан биронтасида қандай асос бўйича турганлигидан қатъи назар, на зона ичкарисида ва на ташқарида ҳарбий операциялар ва ҳарбий материаллар ишлаб чиқаришга бевосита алоқадор бўлган ҳеч қандай фаолият билан шуғулланмаслиги лозим.

 

3-модда

Санитария зонасини ташкил этаётган Давлат ушбу зонани келиб кўриш ёки унда юриш ҳуқуқига эга бўлмаган барча шахсларнинг бу зона ҳудудига киришини тақиқлашга қаратилган барча зарурий чораларни кўради.

 

4-модда

Санитария зоналари қуйидаги шартларга жавоб бериши керак:

a)      бу зоналар уларни ташкил этган Давлат назоратидаги ҳудуднинг атиги кичик бир қисмидан иборат бўлиши лозим;

b)      уларда унга жойлаштирилиши мумкин бўлган аҳоли сонига нисбатан камроқ киши истиқомат қилиши керак;

c)      улар ҳар қандай ҳарбий объектлар ва ҳар қанақа йирик саноат корхоналари ёки маъмурий муассасалардан олисда жойлаштирилиши, шунингдек, бундай иншоотларга эга бўлмаслиги лозим;

d)     улар уруш олиб бориш учун аҳамият касб этиш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳудудларда жойлаштирилиши мумкин эмас.

 

5-модда

Санитария зоналарига қуйидаги талаблар қўйилади:

a)      бу зоналарда мавжуд бўлиши мумкин бўлган қатнов йўлларидан ва транспорт воситаларидан қўшинларни ёки ҳарбий материалларни ташиш, ҳаттоки транзит ташиш учун ҳам фойдаланилмаслиги керак;

b)      бу зоналар ҳар қандай вазиятда ҳам ҳарбий воситалар билан ҳимоя қилинмайди.

 

6-модда

Санитария зоналари уларнинг чекка қисмида ва иморатларда ўрнатиладиган оқ рангли асосга туширилган қизил хоч (қизил ярим ой, қизил шер ва қуёш) билан белгиланади.

Кечалари улар худди шу тарзда тегишли ёритгичлар ёрдамида белгиланиши мумкин.

 

7-модда

Тинчлик даврида ёки уруш ҳаракатларининг бошланишида ҳар қайси Давлат барча Олий Аҳдлашувчи Томонларга ўз назоратидаги ҳудудларда таъсис этилган санитария зоналари рўйхатини маълум қилади. Давлат, шунингдек, уларга можаро даврида ташкил этилган ҳар бир янги зона тўғрисида хабар бериши керак.

Қарши томон юқорида қайд этилган маълумотларни олган пайтдан эътиборан зона қонуний мавжуд ҳисобланади.

Бироқ, агар қарши томон мазкур битимнинг қайсидир шарти аниқ бажарилмаган деб ҳисобласа, тасарруфида ушбу зона бўлган томонга ўзининг рад жавоби ҳақида зудлик билан хабар бериб, зонани эътироф этишдан воз кечиши ёки ўзининг уни тан олишини 8-моддада кўзда тутилган назоратнинг ўрнатилишига боғлиқ қилиб қўйиши мумкин.

 

8-модда

Қарши томон таъсис этган бир ёки бир нечта санитария зоналарини тан олган ҳар бир Давлат ушбу зоналар мазкур битимда баён этилган талаб ва шартларга жавоб бериш-бермаслигини битта ёхуд бир нечта махсус комиссия текширишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунинг учун махсус комиссиялар аъзолари ҳар қандай пайтда ҳар қандай зонага эркин кира оладилар ва ҳатто у ерда доимий яшашлари ҳам мумкин. Уларга назоратни амалга ошириш бўйича ўз вазифаларини бажаришлари учун барча шароит яратиб берилади.

 

9-модда

Махсус комиссиялар мазкур битим шартларига, уларнинг фикрига кўра, зид келадиган фактларни қайд этган тақдирда, бу ҳақда тасарруфида ушбу зона бўлган Давлатга зудлик билан маълум қилиши ва унга ушбу фактларни бартараф этиш учун кўпи билан беш кунлик муддат бериши керак; улар бу ҳақда зонани эътироф этган Давлатни хабардор қилади.

Агар бу муддат тугаши пайтига тасарруфида ушбу зона бўлган Давлат ўзига йўлланган огоҳлантириш юзасидан тегишли чора кўрмаса, у ҳолда қарши томон бундан буён ушбу зонага нисбатан мазкур битим асосида боғлиқ эмаслиги тўғрисида маълум қилиши мумкин.

10-модда

Бир ёки бир нечта санитария зоналари ва ҳудудлари ташкил этган Давлат, шунингдек, бундай зоналар мавжудлиги тўғрисида хабардор этилган душман томонлар 8 ва 9-моддаларда қайд этилган махсус комиссиялар таркибига кириши мумкин бўлган шахсларни тайинлайди ёхуд уларни тайинлашни бетараф Давлатлардан сўрайди.

 

11-модда

Санитария зоналарига ҳеч қандай вазиятда ҳужум қилиниши мумкин эмас, ҳар қандай вақтда улар низолашаётган томонларнинг ҳомийлиги ва ҳимоясидан фойдаланадилар.

12-модда

Бирон-бир ҳудуд босиб олинган ҳолларда, бу ерда жойлашган санитария зоналари аввалгидек ҳурмат қилиниши ва одатдаги мақсад учун фойдаланилиши шарт.

Бироқ босиб олаётган Давлат бу ерга жойлаштирилган шахсларнинг тақдирини олдиндан таъминлаган ҳолда, зоналарнинг вазифаларини ўзгартириши мумкин.

 

13-модда

Мазкур битим Давлатлар томонидан санитария зоналариники каби мақсадлар учун фойдаланиладиган ҳудудларга нисбатан ҳам қўлланилади.

 

* И н т е р н и р л а ш - мажбурий ушлаб туриш. – Тарж.

1  Р е к в и з и ц и я - мол-мулкни, унинг ќийматини тўлаш шарти билан, мажбурий равиша давлат ихтиёрига олиш. –Тарж.

 

© Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиати